ЎзА Ўзбек

03.06.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар муаммоларини бартараф этиш назоратга олинди

Тадбиркорлар муаммоларини бартараф этиш назоратга олинди

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.

Тадбирда шаҳар-туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, тижорат банклари, молия муассасалари, шунингдек, ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати, муҳандислик-коммуникация тармоқлари мутасаддилари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбиркорларнинг фаолияти ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Унда жорий йилда истиқболли лойиҳа сифатида амалга оширишга киришилган, аммо карантин чора-тадбирлари муносабати билан, қолаверса, 27 апрель куни бўлиб ўтган табиий офатдан талофат кўрган 93 та тадбиркорлик субъекти лойиҳаси амалиётига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят раҳбари томонидан ҳар бир туманда шу кеча-кундузда амалга оширилиши зарур бўлган лойиҳалар муҳокамаси, тадбиркорлар энг кўп дуч келаётган кредит маблағини расмийлаштириш ва ҳисоб рақамига тушириш, ўзига тегишли ер майдонига эга бўлиши, қолаверса, ҳудудида муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъминоти билан боғлиқ жараён шаҳар-туманлар мисолида манзилли ўрганилди.

photo_2020-06-03_10-44-37.jpg

Таъкидланишича, вилоятда биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга оширилиши белгиланган инвестиция лойиҳалари қиймати 1,8 триллион сўмга тенг бўлиб, шундан 158,3 миллиард сўм маблағ тижорат банклари, 99,8 миллион АҚШ долларига тенг маблағ хорижий кредит линиялари, 687,3 миллиард сўм сармоя эса маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобланади.

Мазкур маблағ ҳудудда 88 та замонавий иссиқхона қуриш, 14 та томчилатиб суғориш услубида интенсив боғ барпо этиш, 11 та паррандачилик, 40 та чорвачилик, 8 та балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш, яна 6 та кенг саҳнли музлаткичли омборхона қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ва чет элга экспорт қилувчи мева-сабзавот кластери очишга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Аммо бугунги пандемия муносабати билан кўзланган режаларни тўла-тўкис амалга оширишда қатор муаммоларга дуч келинаётгани йиғилишда тадбиркорлар томонидан вилоят раҳбарига очиқ айтиб ўтилди. Қурилиш ишлари бошланган лекин вақтинча тўхтатилган лойиҳалар ҳам мавжудлиги, уларни давом эттириш бўйича мутасаддиларга алоҳида топшириқлар берилди.

Сайёр қабулда талофат кўрган хўжаликларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, божхона, солиқ тўловлари ва бошқа қатор масалалар юзасидан юзга яқин мурожаат тингланиб, тегишли раҳбарлар иштирокида муҳокама этилди. Тадбиркорларнинг маҳаллий ҳокимликлар, алоқадор ташкилот ва тижорат банклари фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган муаммолари жойида ўз ечимини топди.

Муддат талаб этиладиган масалалар ечими бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Уларнинг ҳал этилиши қатъий назоратга олинди.

2 957
Зариф Комилов, ЎзА