ЎзА Ўзбек

24.08.2018 19:27 Чоп этиш версияси

Тадбиркорда миллий ғурур бўлиши керак...

Ўзбекистон тадбиркорлари эл-юртга наф келтириши, аҳоли учун иш ўринлари яратиши, инсонларга яхшилик қилиш истаги мужассамлиги билан ҳам ажралиб туради. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "O‘yinchoqlar fabrikasi" таъсисчиси Алижон Юсупов ҳам ана шундай эзгу мақсадларни ўз олдига қўйган тадбиркорлардан.

Алижон ака бизни корхона фаолияти билан таништирди. Ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди...

Чиройли ўйинчоқлар харид қиламиз-у, аммо уни ишлаб чиқариш жараёни инсондан қанчалик катта меҳнат талаб этишидан кўпчилигимиз бехабармиз. Ўйинчоқ идишлар, копток, машина қисмларининг эндигина ускунадан чиққанини кўриб ҳайратимиз ошади.

Корхона фаолияти билан батафсил танишгач, суҳбатдошимиз тадбиркорликни бошлаган дастлабки йилларни ёдга олди.

– Ўн саккиз ёшимдан буён бозордаман. 21 ёшимда Хитойдан маҳсулот олиб келиб сота бошладим. Бу орада четдан олиб кирилаётган товарларнинг божи анчайин қимматлаб кетди ва бу иш самара бермай қўйди. Дастлаб битта ускуна олиб келиб, ўйинчоқ ишлаб чиқара бошладик. Бу ишимиз ўзини тўлиқ оқламас эди. Кейинчалик яна битта ускуна сотиб олдик, шундан сўнг фойда ола бошладик. Бири харажатларни қоплаш, иккинчиси фойда учун ишлар эди. Қарасак, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотимиз ҳам арзон, ҳам сифатли. Уларнинг бозори чаққон, ишимиз авжида.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 21 апрелида Олмазор туманига ташрифи чоғида Тошкент ўйинчоқлар фабрикаси негизида болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқ бериб, бу ишга Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкини масъул этиб тайинлади. Банк билан ҳамкорликда ишга киришдик ва 1,5 миллион доллар кредит олдик, шахсий маблағларимизни ҳам йўналтирдик. Натижада катта ўйинчоқлар фабрикаси яратилди. Дастлаб 50 та ишчи ишлаган бўлса, сентябрь бошидан бошлаб улар сонини 100 дан ошириш ниятидамиз. 

Ҳозирда фабрикамиз 280 хил болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш имкониятига эга, мижоз талабига қараб маҳсулот турларини чиқариб берамиз. Дубай, Қозоғистон, Россиядан маҳсулотларимизга талаб тушмоқда. Улар маҳсулотимиз сифатини юқори баҳоламоқда.

Оилада беш ака-укамиз, мен уларнинг каттасиман. Укаларим мен билан бирга ишлаб, ёрдамлашади. Биз ўзаро маслаҳатлашиб ишлаймиз, бозордаги талаб, ўйинчоқлар сифати борасида маслаҳатлашишга ҳамиша вақт топамиз. Маҳсулотларимиз дизайнига эътибор берамиз, албатта. Боиси, дизайн харидорни жалб этувчи муҳим жиҳатлардан бири. Янги дизайндаги маҳсулот чиқариш, унинг қолипини тайёрлаш ҳам узоқ вақт талаб қилади. Битта янги ўйинчоқ қолипини тайёрлаш учун камида 6 ой вақт керак бўлади. Афсуски, бизда ҳали сифатли қолип тайёрлай оладиган фабрикалар йўқ, шу боис қолипларни Хитойдан келтиришга мажбурмиз.

Маҳсулотимиз сифатли бўлиши билан бирга жаҳон бозорига қараганда анчайин арзон ҳам. Яъни Россияга қараганда 3, Хитойга нисбатан 2 баравар арзон. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида маҳсулот етказиб бериш хизматини йўлга қўйганмиз, телефон, интернет олқали ҳам буюртмалар оламиз. Бизнесда ўзаро ишонч, сифат, ҳалоллик – бирламчи мезонлардан.

Маҳсулот тайёрлаш жараёнининг тахминан 10 фоизи ишчи, қарийб 80 фоизи техника ҳиссасига тўғри келади. Йиғиш жараёнида эса кўпроқ қўл меҳнатидан фойдаланилади. Ишчиларимиздан сифатга алоҳида эътибор беришни талаб қиламиз. Ахир харидорлар маҳсулотимизни пулига сотиб олади, биз доимо харидор манфаатини ўйлашимиз керак. У атрофидагиларга ҳам бизнинг маҳсулотни тавсия қилиши, маҳсулотимиз ўзини ўзи реклама қилиши лозим. Бу натижага эришиш осон эмас, аммо иложи бор.

Корхонамиз катта, ўзига яраша харажатлари бор. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам ишчиларга эътиборни унутмаслигимиз керак. Корхонамиз Олмазор тумани ҳудудида жойлашгани боис, ишчиларимиз асосан шу атрофда истиқомат қиладиган аёллар. Боиси, иш вақтимиз эрталаб соат саккиздан бошланади, ишдан сўнг аёллар тезроқ оилалари бағрига бориши, рўзғор ишларига ҳам улгуриши керак. Ишчиларнинг 80 фоизга яқинини аёллар ташкил этади ва улар асосан ўйинчоқларни йиғиш-териш жараёнида ишлайди, нисбатан оғирроқ ишларни эркаклар бажаради. Кунига бир маҳал корхона ҳисобидан овқат берилади, ҳозирда ишчиларимизнинг энг кам ойлиги 800 минг сўмни ташкил этади ва келгусида маошларни янада оширамиз. Яхши ишлаган, иш унумдорлиги юқори ишчиларга ойликдан ташқари мукофот пуллари ҳам берилади. Бундан ташқари, байрамлар, муҳим саналарда ишчиларимиз учун совғалар ташкил қиламиз. Ҳозир улар учун шинам ошхона қураяпмиз.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг июнь ойида Олмазор туманига ташрифи чоғида корхонамизда бўлиб, фаолиятимиз билан яқиндан танишди. Ҳаётимиз, фаолиятимиздаги бундай тарихий кунни унутиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари хом ашёни 100 фоизга маҳаллийлаштириш таклифини берди.

...Германияда ишлаб чиқарилган бульдозер ўйинчоғи ва бизнинг цехда чиқаётган миллий маҳсулот. Ранги бироз фарқ қилмаса, сифати бир хил. Аммо пулида жуда катта тафовут бор. Уларнинг бу маҳсулоти интернет дўконларида тахминан 83 минг сўм атрофида туради. Бу Германиядаги нарх, йўл ҳақи, божхона тўловларисиз. Бизнинг маҳсулот эса бозорда 8 минг сўм атрофида.

Тайёрлаётган ўйинчоқларимизни биринчи бўлиб фарзандларим, жиянларимга олиб бораман. Улар бизнинг дастлабки «мижоз», «эксперт»ларимиз. Кўча-кўй, болалар боғчасида биз ишлаб чиқараётган ўйинчоқларни ўйнаб туришганини кўрсам қувониб, яйраб кетаман. 

Мақсадимиз юртимизда ўйинчоқлар нархи янада арзонлашсин, ҳар бир ота-она маошидан орттириб ўз фарзандига истаган ўйинчоғини олиб бера олсин. 

...Юртимиз фарзандлари учун ишлаб чиқарилган, узоқ ўлкаларга ҳам жўнатишга ҳозирланган ўйинчоқлардаги "Made in Uzbekistan" ёзувига кўзимиз тушиб, фахр-ифтихорга тўлдик.

Инобат Аҳатова, ЎзА
3 552