ЎзА Ўзбек

16.05.2019 17:27 Чоп этиш версияси

Тадбиркор ва давлат ўртасидаги муносабатнинг сифат жиҳатдан янги босқичи бошланди

Тадбиркор ва давлат ўртасидаги муносабатнинг сифат жиҳатдан янги босқичи бошланди

Эндиликда тадбиркорлик субъектларини ҳамда хорижий инвесторларни, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш, шунингдек, сайёр қабуллар ўтказиш йўлга қўйилади.

Тадбиркорларнинг, шунингдек, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифатини ва тезкорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан ҳар бир ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилади. 

Қабулхоналарнинг асосий вазифалари

Фармон билан ташкил этилган Қабулхоналарга қуйидаги вазифалар юклатилди:

• тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларни қабул қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

• тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда мавжуд бюрократик ва бошқа масалалардаги тўсиқларни бартараф этиш;

• таъмагирлик ва коррупция ҳолатлари бўйича дарҳол прокуратура органларини хабардор қилиш;

• тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш, умумлаштириш, мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. 

Тадбиркорларни қабул қилишнинг янгича тартиби

Фармонга мувофиқ, эндиликда тадбиркорлик субъектларини ҳамда хорижий инвесторларни, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш, шунингдек, сайёр қабуллар ўтказиш йўлга қўйилади.

Қабул жадвал бўйича ҳар куни ўтказилади. Тадбиркорларни қабул қилиш жадвали Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри, банк ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирокида тасдиқланади.

Мурожаатларни ҳал қилиш “туман(шаҳар)–вилоят–республика” уч поғонали принципи бўйича кўриб чиқилади. Мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қондириш имконияти бўлмаса, улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Қабулхоналарга, республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган мурожаатлар Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятига юборилади. Вазирлар Маҳкамаси Котибиятида ҳал этилмаган мурожаатлар кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Бош вазирга киритилади.

Тадбиркорлар ишининг ҳолати тўғрисидаги ахборот тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилинади. Ушбу ахборот бўйича масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.

Ҳисобот тизимининг жорий этилиши

Мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ҳисобот тизими жорий этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Қабулхоналари раҳбарларига туманлар ва шаҳарлар Қабулхоналари томонидан ҳар ойда ойнинг 5-кунигача, Вазирлар Маҳкамаси Котибиятига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Қабулхоналари раҳбарлари томонидан ҳар ойлик асосида, ойнинг 7-кунигача ахборот киритилади.

Натижалардан келиб чиқиб, Бош вазир мансабдор шахсларни рағбатлантириш ёки тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг мурожаатлари юзаки кўриб чиқилганлиги ёки уларни кўриб чиқишдаги ҳаракатсизлик учун мансабдор шахсларни шахсий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади.

Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш учун қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишга туширилади. Тадбиркорлар мазкур портал орқали мурожаат қилишлари, мурожаатнинг кўриб чиқилишини ўзларининг шахсий кабинетида “онлайн” реал вақт режимида кузатиб боришлари мумкин бўлади.

Шунингдек, порталда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни автоматик режимда аниқлаш имконини берувчи тадбиркорлар мурожаатларининг тизимлаштирилган ягона маълумотлар базаси яратилади.

Қабулхоналарнинг фаолияти доимий назоратда бўлади

Қабулхоналар томонидан амалга оширилган ишларнинг натижалари доимий назоратга олинади. Фармонга мувофиқ Ҳисоб палатаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тадбиркорлик субъекти ва хорижий инвесторнинг мурожаатлари амалда ҳал этилиши ўрганилади ва мониторинг олиб борилади. Ўрганиш ва мониторинг якунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига киритилади.

Бош вазир ҳар чоракда Қабулхоналар фаолияти натижаларини алоҳида йиғилишларда, шу жумладан видеоконференцалоқа ўтказиш йўли билан кўриб чиқади. Зарурат бўлганда тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларни шахсан қабул қилади. 

Шу билан бирга, ҳар чоракда Қабулхоналар ишларининг натижалари, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот беради.

Шу билан бирга, мазкур Фармон билан адлия органларига ҳам алоҳида масъулиятли вазифалар юклатилмоқда.

Жумладан, туман миқёсидаги муаммоли масалалар қабулхоналар билан бир қаторда адлия бўлимлари томонидан ҳам атрофлича ўрганилиб чиқилади. Шунингдек, адлия вазирлиги аниқланган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб, зарурат туғилганда уларни ҳал этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиши ҳам белгилаб берилди.

Қайд этиш жоизки, мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини самарали рўёбга чиқариш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал этиш, минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ўстириш каби ижобий натижаларга эришиш кутилмоқда.

Шу билан бирга, Қабулхоналарнинг ташкил этилиши тадбиркорларнинг муаммоларини тезликда ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантиришга ва қулай инвестиция муҳити шаклланишига тўсқинлик қилувчи муҳим муаммоларни аниқлаш, тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш имконини беради.

Натижада, тадбиркорларга кредит ажратиш, давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкалари ва бинолар ажратиш, тадбиркорларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига ва инфратузилмага улаш каби тизимли муаммолар тезкор ва жойида ҳал этилади. 

Фармон қоидаларининг тўла-тўкис амалга оширилиши давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади, тадбиркорлик ривожланишига халақит бераётган ортиқча бюрократик тўсиқлар, сансалорликларни олдини олишга хизмат қилади. Ўз навбатида бу мамлакатимизда реал бизнес қулай муҳит яратилишига, тадбиркорларда давлатга бўлган ишончнинг юксалишига хизмат қилади. 

Х.МЕЛИЕВ, 
адлия вазири ўринбосари

ЎзА
1 749