ЎзА Ўзбек

24.07.2018 12:06 Чоп этиш версияси

Тадбиркор нима сабабдан фирибгарга 6 минг доллар берди?

Тадбиркор нима сабабдан фирибгарга 6 минг доллар берди?
Фирибгар тузоғига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасини очиш ниятида юрган хивалик тадбиркор тушди.

Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Адҳам Қурбонов (материалдаги исм-фамилиялар шартли)нинг ёши ўттизда. Айни куч-ғайратга тўлган бу йигит шу ёшгача икки марта қинғир йўллардан “ўз омади”ни қидириб кўришга улгурди. Афсуски, сўнгги пушаймон ўзига душман бўлди.

Адҳам ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам фирибгарлик жинояти билан судланган эди. Унга 4 ойу беш кун озодликдан чеклаш жазоси тайинланганди. Жазо муддати ўталгач ҳам у тўғри хулоса чиқармади. Кўп ўтмасдан Адҳам навбатдаги қинғир ишларга қўл урди.

Бу сафар фирибгарнинг тузоғига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасини очиш ниятида юрган хивалик 1987 йилда туғилган Шакарой Нориманова илинди. 

Бир куни умумий овқатланиш жойида ўтирган Адҳам Шакаройнинг акаси Собирнинг ким биландир суҳбатини эшитиб қолади. Собир суҳбатдошига синглисининг яқин кунларда катта иш – газ қуйиш шаҳобчаси қуриш ниятида юрганини гапиради. Буни эшитган Адҳам шу заҳоти “иш”га киришиб, Собирнинг гапларини бехосдан эшитиб қолганини ва бу гаплар у ишлаётган идора билан бевосита алоқадорлиги сабаб бу борада ака-сингилга беминнат ёрдам кўрсата олишини айтади. Собир Адҳамни газ қуйиш шаҳобчаси қуришда ўзига яраша қийинчиликларга учраб юрган синглиси Шакарой билан таништириб қўяди. 

“Ҳожатбарор” тадбиркордан шаҳобча қуриш учун ер майдони ажратилишида “тепада”ги танишлари орқали ёрдам беришни ваъда қилиб, 2018 йилнинг апрель-май ойларида 6 минг долларни олади. Бироз муддат ўтиб пуллари ҳавога учганини сезиб қолган Шакарой ҳуқуқ-тартибот идорасига бу ҳақда хабар беради.

Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Адҳамнинг кирдикорлари фош этилди. 

Адҳам Қурбоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
6 599