ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Тадбиркор мурожаати бош вазир назоратида

Тадбиркор мурожаати бош вазир назоратида

Фармон ва ижро 

Тошкент тиббиёт коллежида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Олмазор туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан туман тадбиркорларини қизиқтирган масалалар ва муаммолар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда тадбиркорлар, маҳаллалар фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олмазор туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Қобил Отахонов мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш ва аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида тадбиркорлар сафи кенгайиб, улар юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди.

2.jpg

Янги фармон тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Масалан, бугунги кунда солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тадбиркорликка рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилгани ҳамда тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар қисқартирилгани бунга яққол мисолдир.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб бориш бўйича улар мурожаатларининг ягона маълумотлар базаси – “business.gov.uz” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши ҳам яна бир катта қулайликдир.

Бош вазир қабулхонасига республика миқёсида шу кунга қадар табиркорлар ва юридик шахслар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган фуқаролар ҳамда ёшлар томонидан 16 минг 999 та турли мазмундаги мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 78,4 фоизи ижобий ҳал этилган.

4.jpg

Очиқ мулоқотда Олмазор тумани бўйича бу борада амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Ҳозирги кунга қадар 75,4 фоиз мурожаат қаноатлантирилиб, ижобий ҳал этилган.

– Давлатимиз раҳбарининг фармони мен каби тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишга кенг имконият очиб берди, – дейди Олмазор туманидаги “Сувэнергосервис“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Мирзакаримов. – 2007 йил ўз фаолиятини бошлаган корхонамиз автомобиллар учун махсус техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Корхонада 50 нафарга яқин ишчи меҳнат қиларди. Бироқ айрим сабаблар билан 2017 йилда суд қарорига биноан корхонамиз хатланди ва бандлаб қўйилди. Ўтган икки йил давомида бормаган, югурмаган жойим қолмади. Яқинда Президент фармони ижроси доирасида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Олмазор туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мазкур муаммо юзасидан мурожаат қилган эдим. Қабулхона томонидан мурожаатим ўрганилиб чиқилди ва ишим ижобий ҳал қилиб берилди. Ҳозир корхонамиз фаолияти яна қайта тикланмоқда. Ишчиларимиз ўз иш жойига қайтмоқда. Бунинг учун ушбу қабулхона жамоасига ўз ташаккуримни билдираман.

1 185
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА