Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.07.2018 14:56 Чоп этиш версияси

Тадбиркор фаолиятини нега ривожлантира олмаяпти?

Тадбиркор фаолиятини нега ривожлантира олмаяпти?
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда тадбиркорларнинг иши нега кутилганидек олға силжимаяпти?

Муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинган. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилган. Аммо шунинг ўзи етарли бўлмаяпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар бор. Уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради.

Назорат қилувчи органлар ва инсофли тадбиркорлик субъектлари ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилинганлиги амалдаги текширувлар тизимини, давлат назоратининг бошқа турларини, шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.

Қонун ҳужжатларида замон талабларига жавоб бермайдиган айрим ҳуқуқий механизмларнинг мавжудлиги сабабли солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пенялар ва молиявий жарималар бўйича қарздорликлар сунъий йўл билан йиғилмоқда. 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган давлат органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари амал қилмоқда. 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб боришнинг ягона яхлит тизими мавжуд эмаслиги назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконини бермаяпти. 

Ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этилмаган. 

Кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда. Бу тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда. 

Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун имкониятни кенгайтиради.

Шунингдек, бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ҳуқуқий асос бўлади.

ЎзА
3 158