ЎзА Ўзбек

22.06.2018 19:18 Чоп этиш версияси

"Тадбиркор аёллар манфаати ҳимоямизда" мавзусида амалий семинар ўтказилди

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида "Бунёдкор аёллар" лойиҳаси доирасида "Тадбиркор аёллар манфаати ҳимоямизда" мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Оҳангарон шаҳар кенгаши томонидан шаҳар хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги ва партия шаҳар кенгаши масъуллари, солиқ, банк соҳаси мутахассислари, тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар, коллеж битирувчи қизлари иштирок этди.

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти, айниқса, ҳунармандчилик, касаначилик йўналишидаги оилавий тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада уларга кўплаб имтиёзлар яратилгани таъкидланди.

– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлашга кўмаклашиш, – дейди партия шаҳар кенгашининг аппарат раҳбари Н.Йўлдошева. – Хўш, қандай қилиб, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Аввало, уларнинг тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, бу борадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, чунончи, аёлларга берилаётган имтиёзлар билан таништириш орқали тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш мумкин.

Ўқув машғулотида ишбилармон хотин-қизлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирганлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Бизнес режаси муваффақиятли, деб топилган бир гуруҳ иштирокчиларга партия сертификатлари топширилди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
3 838