ЎзА Ўзбек

31.07.2018 18:54 Чоп этиш версияси

Тадбир ва ҳисоботлар хўжакўрсингами?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ёшлар томонидан 700 жиноят содир этилган. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда бу кўрсаткич 294 тага (29,6 фоиз) камайганини кўриш мумкин. Жиноятни содир этишда қатнашган ёшлар сонида (873 нафар) ҳам 2017 йилга нисбатан 395 нафар камайишига (31,2 фоиз) эришилган.

Бу рақамларни шунчаки ҳиссиз ўқиб, аввалги йиллар билан таққослаганда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар камайган-ку, деб таскин бериш мумкин. Ҳа, ҳиссиз ўқигандагина кўнгил таскин топади. Лекин 873 нафар ёш жиноят иштирокчиси бўлганининг ўзи катта фожиа эмасми? Уларнинг кейинги ҳаёт йўли, тақдири нима бўлади? Ёки вилоятда вояга етмаганлар томонидан 34 та жиноят содир этилгани, 30 нафари ўз жонига қасд қилганини оддий ахборотдек қабул қилиш мумкинми? Улар қайси оилада ўсган, ота-онаси, қариндош-уруғи, маҳалла-кўй борми? Бор бўлса, нега бола шу йўлга киргунча ҳеч ким унга эътибор бермади? Бугун-чи, улар билан қандай иш олиб борилмоқда?

– Жиноятлар таҳлил қилинганда, оиладаги маънавий муҳит носоғлом экани, таълим-тарбияга эътиборсизлик, ишсизлик, жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилмагани бу нохуш ҳолатларни келтириб чиқарган асосий омиллар сифатида қайд этилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бош мутахассиси Ғофир Бобобеков. – Бу эса, жиноятлар юзага келишига сабабни ўша ёшлардан эмас, аввало, ўзимиздан, ён-атрофимиздан излашимиз кераклигини англатади. Маҳалла, таълим муассасаларида жиноят содир этишга мойил ёшлар, нотинч оилалар борлигини яхши билсак-да, токи нохуш ҳолат юзага келмагунча улар билан ишлашга етарли эътибор бермаймиз. Профилактик тадбирларимиз ҳам шунчаки ҳисобот учун, хўжакўрсинга ўтказилади. Бугунги кунда барча маҳаллаларда ҳудудда осойишталикни сақлаш, келиб-кетаётган фуқароларни рўйхатга олиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Жамоатчилик назорат маскани” ташкил этилган. Аммо бугун бу масканларнинг аксарияти бўш турибди-ку. Уларда на профилактика инспектори, на маҳалла посбонини кўрамиз. Руҳиятида ўзгариш сезилган ёки тарбияси оғир ўсмирларга психологик ёрдам кўрсатиш учун қайси қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникада мутахассис бор? Таълим муассасалардаги психологлар-чи, улар қачон ўз ишини бажаради?

Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишда Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.

Дастур ижроси юзасидан Самарқанд вилоятида ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят, туман, шаҳар штаблари фаолияти йўлга қўйилиб, 212 та ишчи гуруҳ шакллантирилди. Мазкур ишчи гуруҳлар шу пайтгача 320 мингдан ортиқ хонадонга кириб, 550 мингга яқин ёшлар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказди. Бу мулоқотлар натижасида 56 мингдан ортиқ ёшлар ишсиз экани, 4500 нафарга яқини меҳнатга лаёқатсизлиги, 79 минг нафар йигит-қиз норасмий иш билан бандлиги аниқланди. 67 минг нафар ёш таълим олиш, 10 минг 500 нафари ҳарбий хизматга бориш истагини, 48 минг нафари эса тадбиркорлик фаолияти учун кредит зарурлигини билдирган.

Шунингдек, ўрганишлар давомида 17 минг нафардан ортиқ ёш ишлаш учун хорижий мамлакатларга чиқиб кетгани аён бўлди. 13 минг нафар йигит-қиз эса уй-жойга муҳтожлиги, 1846 нафари оила қуриш учун тўй маросимини ўтказишга имконияти йўқлигини маълум қилган.

Ёшлар билан юзма-юз суҳбатларда уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Жумладан, 400 га яқин ёш ишга жойлаштирилди, 85 нафари тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди, 393 нафарига бизнес режа тузишга кўмаклашилди. Ногиронлиги бўлган 65 нафар ёшга ногиронлар аравачаси, протез-ортопедия воситалари ажратилди.

– Бироқ дастур доирасида амалга оширилиши белгиланган ишлар Пахтачи, Пастдарғом, Нуробод туманларидаги штаблар томонидан талаб даражасида ташкил этилмаяпти, – дея фикрини давом эттиради Ғ.Бобобеков. – Мазкур туманлардаги ишчи гуруҳлар ҳам самарали фаолият олиб бормаяпти, вилоят штабига тақдим этилаётган ҳисоботларда ёлғон маълумотлар ҳам бор. Бу эса дастур ижросига масъул бўлган туман ҳокимлари ва бошқа мутасаддиларнинг ёшлар тақдирига эътиборсизлигидан далолат беради.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 366