ЎзА Ўзбек

21.07.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш лозим

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан “Жанубий Оролбўйи табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш муаммолари” мавзуидаги VII Халқаро илмий-амалий анжуман ташкил қилинди. 

Анжуман Оролбўйида биологик ресурсларнинг долзарб муаммолари, улардан оқилона фойдаланиш ва ҳимоя қилиш, ҳудуддаги биологик хилмахилликни сақлаб қолишга бағишланди.

– Ҳозирги кунда Орол инқирози ва у келтириб чиқарган оқибатларни ўрганиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими олимларининг асосий тадқиқот объектига айланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Президиуми Раиси, иқтисод фанлари доктори, академик Нағмет Аимбетов. – Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб бўлим олимлари томонидан Орол фожиаси оқибатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу тадқиқотлар натижасида олимларимиз Орол денгизи ва Оролбўйи табиий ҳудудларининг биологик тартиби ўзгаришларини кўрсатувчи жуда кўп ва ҳар хил ноёб материалларни тўплади.

Орол денгизининг қуриши Жанубий Оролбўйи ҳудудидаги энг йирик антропоген экологик фожиа бўлиб, у ҳудуддаги экотизимнинг жиддий издан чиқишига сабаб бўлди.

Анжуманга нафақат Ўзбекистоннинг, балки чет давлатларнинг етакчи илмий муассасаларининг, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳамда ёш олимлар, докторантлар, тадқиқотчи-изланувчилар таклиф этилган.

Анжуманда Жанубий Оролбўйи табиий муҳитининг ҳозирги ҳолати ҳақида олимлар батафсил маълумот берди, мутахассислар томонидан ердан фойдаланишда табиат муҳофазасига эътибор қаратган ҳолда бошқариш муаммолари муҳокама қилинди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
5 695