ЎзА Ўзбек

01.06.2018 11:55 Чоп этиш версияси

Табиий офатга қарши қандай курашаяпмиз?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 2018 йилда сел-тошқин ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган анжуман ўтказилди.

Аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлардан муҳофаза қилиш, сел-тошқин билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда кўрилаётган чоралар, ўтган давр мобайнида содир бўлган воқеалар, унинг аҳолига, турмуш тарзига салбий таъсири хусусида маълумотлар берилди.

Содир бўлиши мумкин бўлган сув тошқини ва сел оқимининг олдини олиш, хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш мақсадида ҳар йили февраль ва декабрь ойларида дарё, сойларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилади. Аммо жорий йил 14 ва 18 май кунларидаги кучли ёғингарчилик сабаб аҳолига етган зарар бу борадаги ишларнинг тўлақонли ташкил этилмаганини кўрсатди. Тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги тошқинлар сабаб ҳалок бўлганлар, жабрланганлар, турар жойларга етган талофатлар бунинг исботидир.

Анжуманда шу ҳақда сўз борар экан, бу каби кучли ёғингарчилик баъзи шаҳарларда ҳам талофатли бўлгани қайд этилди. Таъкидланишича, бунга ирригация тармоқлари, ер ости сув йўналишларига эътибор қаратилмагани, ноқонуний турар жой ёки ўзбошимчалик билан қўшимча биноларнинг қурилгани сабаб бўлмоқда.

2017 йилда сел-тошқинлари ва ер кўчкилари билан боғлиқ салбий вазиятларнинг олдини олиш, аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида 23 миллиард 700 миллион сўм ажратилган бўлса, жорий йилда 38 миллиард 700 миллион сўм йўналтирилган.

Бугун республикамизда 105 назорат-кузатув участкалари фаолият юритади. Улар об-ҳаводаги кундалик ўзгаришларни кузатиш, хавфли жараёнлардан мутахассислар ва фуқароларни огоҳлантириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш каби вазифаларни бажаради.

Мутахассислар берган маълумотга кўра, Сурхондарёда 18, Тошкент вилоятида 12, Самарқанд вилоятида 3 хўжалик сел хавфи мавжудлиги сабаб вақтинчалик хавфсиз ҳудудга кўчирилган. Кўчки хавфи бўлган ҳудудлардаги 37 хўжалик ҳам вақтинчалик турар жой билан таъминланган.

Барно Мелиқулова, ЎзА
4 585