ЎзА Ўзбек

12.07.2019 18:10 Чоп этиш версияси

Табиий газ электрон ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади

Табиий газ электрон ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади

Илгари табиий газ билан таъминланган баъзи ҳудудларга бугунги кунда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Ана шундай ҳудудлар қаторига кирувчи Муборак туманидаги 17 та қишлоқни яна табиий газ билан таъминлаш имкони борлиги аниқланди. Бунинг учун ўша ҳудуддаги тўхтаб қолган конлардан фойдаланилади. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

– Республикамизда 6 миллион 800 минг истеъмолчи бўлса, шунинг 51 фоизи табиий газ, қолган 49 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган, – деди “Ўзтрансгаз” АЖ бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқулов. – 87 минг километр узунликдаги газ қувури ва 70 минг газ тақсимлаш пункти истеъмолчиларга табиий газ етказиб бермоқда. Дастлабки газлаштириш жараёнида айрим ҳудудларда талабга жавоб бермайдиган қувурлардан фойдаланилган. Шунинг учун ҳам 87 минг километр қувурнинг 41 минг километри яроқсиз ҳолга келган. Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вазифалари белгилаб берилди. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ фаолият кўрсатаётган газ тақсимлаш пунктлари ҳамда тармоқларини модернизация ва реконструкция қилади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қарорда 2022 йилга қадар табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этиш белгиланган. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб бир йил давомида абонентларга электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилиши кутилаётган электрон ҳисоблагични ойига 300 мингта хонадонга ўрнатиш кўзда тутилган. 

Табиий газ электрон ҳисоблагичлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан бепул ўрнатилади. Шундан сўнг истеъмолчиларда табиий газдан қарздорлик ҳолати қайд этилмайди. Агарда абонентлар тўловни амалга оширмаса, электрон ҳисоблагич ўз-ўзидан ўша хонадонга газ ўтказмайди. 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
3 292