Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 21:13 Чоп этиш версияси

Табиатга эътибор – келажакка эътибор

Табиатга эътибор – келажакка эътибор Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида сайёр амалий семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Экоҳаракатнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти, “Булоқча” – “Родничок” болалар экологик журнали муҳаррирлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Хондайлиқ қишлоғидан оқиб ўтувчи сойликни ободонлаштириш бўйича амалий акция ташкил этилди. Ташкилотчилар, қишлоқ аҳолиси ва бошқа кўнгиллилар сой ҳудудини чиқиндилардан тозалади. 

22.JPG

“Булоқча” – “Родничок” болалар экологик журнали масъуллари томонидан “Ҳумо”, “Зилола” ва “Радуга” ёзги болалар оромгоҳларида ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга йўналтирилган турли викторина ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия ва ресурс тежовчи технологиялар” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Хондайлиқ қишлоғидаги ўқув-ишлаб чиқариш марказида ўтказилган мулоқотда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофазалаш, экологик таълимни такомиллаштириш, халқимиз соғлом ва узоқ умр кечириши учун қулай экологик муҳит яратиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 

34.JPG

Амалий акция, викторина ва маҳорат дарсларида фаол иштирок этганлар ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аваз Худойқулов,Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА