ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Табиат ва инсон: ўзгаришлар қуршовида

Табиат ва инсон: ўзгаришлар қуршовида

Сентябрь. Куннинг қоқ ярмида кондиционер ғириллаб турган хонадан иш билан кўчага чиққанимда, ташқаридаги ҳарорат юзимга чанг солади. Ўпкамни қайноқ ҳаво ёриб киради. Шу иссиқда кўчада юрган йўловчилар, далада ишлаётган деҳқонларнинг ҳолатини ўзимча тасаввур қилиб, яна муздек ҳужрамга ошиқаман.

Эътибор қилган бўлсангиз, гарчи шу кеча кундузда ҳаво бироз қизиб қолган бўса ҳам, жорий йил мамлакатимизда анча салқинроқ келди. Аммо, сайёрамизнинг барча минтақалари ҳақида бундай дейиш мушкул. Бугун инсоният бир томондан коронавирус ҳамласидан азият чекаётган бўлса, бошқа тарафдан иқлим ўзгаришлари, ҳароратнинг кун сайин исиб бораётгани, асрий музликлар эриб, яшил ўрмонзорлар кулга айланаётгани ҳар бир комил ақл эгасини ташвишга солади.

Тан олиш керакки, табиат ва жамият ўртасидаги мувозанат бузилиши натижасида юзага келган иқлим ўзгаришлари, глобал исиш, экологик танглик сингари муаммолар бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Иқлим ўзгаришларининг энг катта сабабларидан бири бу сайёрамизни ўраб турган ҳаёт пардаси – озон қатламидаги жараёнлардир.

Озон нима ўзи?

Озон қатлами ҳақида инсоният бир асрдан бери бонг уриб келади. Унинг емирилиб бориши ва инсоният учун туғдириши мумкин бўлган ҳалокатли таъсири ҳақида барчамиз ўқиганмиз, эшитганмиз. Кейинги икки аср давомида сайёрамиз миқёсида илм-фаннинг тараққий этиши, саноатнинг ривожланиши сайёрамизнинг табиий мувозанатига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Бугунги кунга келиб, инсоният экологик танглик аталмиш глобал муаммога рўбарў бўлди.

Кимёвий нуқтаи назардан қараганда озон – бу молекуласи учта кислород атомидан ташкил топган модда (О3) бўлиб, кислородга қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсир этиши натижасида юзага келади. Озон қатламининг асосий қисми стратосфера қатламида, ер сатҳидан ўртача 20-25 км баландликда (тропик кенгликларда 25-30 км, қутбда 15-20 км) жойлашган. Озон қатламининг атмосферадаги улуши 1000000/8 га тўғри келади. Агар дунё океанини атмосфера қатлами деб тасаввур қилсак, озон қатлами шу океан сатҳидаги 3 миллиметрлик юпқа пардани ташкил этган бўлар эди.

Бу қатламнинг вазифаси қуёшдан келаётган ультрабинафша нурларни тозалаб беришдан иборат. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу зарарли нурларнинг 97-99 фоизини айнан озон қатлами ўзида тутиб қолади.

Сир эмаски, бу зарарли нур ер сатҳига етиб келганида, сайёрамизда ҳаёт мутлақо бўлмасди. Озон қатлами ер атмосферасида 500-600 миллион йил олдин етарли миқдорда кислород тўплангани боис шаклланган, бу эса, тирик мавжудотлар учун қулай табиий шарт-шароит юзага келишини таъминлаган, аввал ўсимликлар, кейин ҳайвонот дунёси ривожланган.

Озон қатлами тушунчасини фанга илк бор француз физиклари Чарлз Фабрри ва Анри Буиссон киритган. 1912 йилда улар ультрабинафша нурланишининг спектроскопик ўлчовларидан фойдаланиб, атмосфера қатламларида озон борлигини исботлаб беришган.

Туйнуклар сири нимада?

Сир эмас, вақти-вақти билан бу қатламнинг турли нуқталарида «тирқиш»лар пайдо бўлиб туради. Ана шундай туйнуклардан бири 1985 йилда аниқланган эди. Антарктида устида пайдо бўлган бу туйнукнинг диаметри минг километрдан кўпроқ бўлиб,унинг майдони салкам Қозоғистон ҳудудига тенг эди.

Кейинчалик бундай туйнуклар озон қатламида кўплиги, улар вақти-вақти билан пайдо бўлиши, маълум муддатдан кейин ўз-ўзидан битиб кетиши аниқланди. Бундай ҳолат охирги марта 2020 йилнинг май ойида кузатилди. Гап шундаки сал аввалроқ,Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) шимолий қутб устида яна бир озон тешиги пайдо бўлгани ҳақида бонг урган эди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, мутахассислар бу туйнук яна ўз-ўзидан тикланганини маълум қилган. Таъкидлашларича, Арктика устидаги озон қатлами 2011 йилга қараганда, рекорд даражада кенгайган эди.

Озон қатламида рўй берган баҳорги ўзгаришларни пандемия даврида ишлаб чиқариш ва инсон фаолиятининг чекланиши билан боғлаганлар ҳам бўлди. Бироқ, ЖМТ расмий вакили Клер Нуллис 1 май куни Женевада ўтказилган матбуот анжуманида ушбу тахминни инкор этиб, жорий йил қиш ойларининг нисбатан совуқ келиши бу ҳолатга сабаби бўлганини баён қилди.

ЖМТ мутахассислари ҳисоботига кўра,озон қатлами ҳар йили ўртача 0,3 фоизга тикланиб бораётган экан. Агар шу тахлит давом этса, икки-уч юз йилдан сўнг озон қатлами бутунлай тикланиши мумкин.

Сабаблар ноаён, оқибатлар ҳам...

Олимлар томонидан озон тешиклари юзага келишининг икки хил асосий сабаблари илгари сурилган:табиий ва антропоген. Маълумки, озон қатлами ҳали кашф қилинмаган, саноат ривожланмаган замонларда ҳам,унда табиий йўл билан туйнуклар юзага келган. Бунга ернинг шимолий ва жанубий қутбларидаги табиий жараёнлар сабаб бўлган.

Ўз-ўзидан маълумки, озон қатлами Қуёш нурлари ва кислороднинг синтези туфайли пайдо бўлади. Маълумки, Арктикада (шимолий ярим шарда) қиш пайти, Антарктидада эса ёз ойларида қуёш нури миқдорининг камайиши озон қатламига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади ва унда турли тешиклар пайдо бўлади. Қуёш нури оқимининг кўпайиши эса, бу тирқишларнинг ўз-ўзидан битиб кетишига сабаб бўлади.

Халқаро илмий кузатишларга кўра, 2018 йилда озон қатламидаги барча тирқишларинг умумий ҳажми 17 миллион квадрат метрни ташкил этган. Бироқ бу рақам нисбий бўлиб, туйнукларнинг асосий қисми 7-10 кун ичида битиб кетади, уларнинг ўрнига янгилари пайдо бўлиши мумкин.

Музлаткичда нима «айб»?

Илмий текширувлар натижасида таркибида фтор, бром ва хлор моддалари бўлган фреон бирикмалари, водород хлориди, азот оксиди сингари бирикмалари атмосферага чиқарилганда, улар азон қатламига етиб боради ва қатламнинг емирилишга сабаб бўлади.

Бундай бирикмалар асосан совуткич ва музлаткичларда, кондиционерларда, аэрозолли дезодорантлар ва пардоз воситалари, чиқинди газлар таркибида учрайди. Шу боис,1989 йилда Канаданинг Мнреаль шаҳрида озон қатламига зарар етказадиган моддалар тўғрисида протокол тузилган ва у 1989 йил 1 январдан кучга кирган. 2009 йил ҳолатига кўра, БМТга аъзо 193 давлатнинг барчаси бу протоколга қўшилган. Монреаль протоколига 2019 йилдан бошлаб протоколга иссиқхона газлари – гидрофторуглеродларни чеклаш бўйича яна битта қўшимча киритилди.

Ушбу бирикмалар озон қатлами учун хавфсиз, аммо улар ердаги ўртача ҳароратнинг ошишига сабабчи бўлади. Ҳозирга қадар 58 мамлакат бу қўшимча моддани ратификация қилди. Агар улар ушбу модда талабларига тўла риоя қилишса, ҳароратнинг ўртача 0.4°C атрофида кўтарилишининг олдини олади.

Қонун ҳаммага баробарми?

Монреал протоколи имзоланганидан сўнг, ер юзидаги деярли барча давлатлар аста-секин қуйи хлорофлорокарбонлар – таркибида метан, этан ва пропан газлари мавжуд бўлган фреонлардан фойдаланишни тўхтатдилар. Масалан, ўтган асрнинг 80 йилларида ер юзида 350 тонна фреон ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирда бу рақам расман нолга тенг. Бироқ, ўтган давр мобайнида атмосферада бундай моддалар атиги 1 фоизга камайди, холос.Бундан ташқари, ернинг жанубий ва шимолий ярим шарларида фреонлар таркибидаги фарқ кескин ошди. Кўплаб олимлар буни Шарқий Осиё мамлакатларида расмий рўйхатдан ўтмай ишлаётган кўплаб саноат корхоналарининг фаолияти билан боғлашмоқда.

Бундан ташқари сайёрамизда ишлаб чиқарилаётган барча музлаткич ва кондиционерларни битталаб текширишнинг имкони йўқ. Гарчи расмий ҳужжатларда улар ўз маҳсулотларида озон қатламига зарар етказувчи моддаларни ишлатмасликларини кўрсатишсада, амалда бунинг аксини кўриш мумкин. Натижада ҳар йили тонналаб фреон атмосферага чиқаверади.

Ер сайёрасида умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон етти ярим миллиард йўловчини бағрига олган улкан кемага ўхшайди. Бу кеманинг ҳалокати ундаги ҳар бир йўловчи учун фожиа билан тенг. Шунинг учун айрим давлатлар ёки саноат корхоналарининг нақд пул илинжида халқаро қонун талабларини қўпол равишда бузаётганини ана шу улкан кемада кетаётган айрим нодон йўловчиларнинг атайлаб кемани тешишга уринишига қиёслаш мумкин.

Албатта, озон қаламини асраб қолиш фақат ҳукумат идоралари ёки йирик компанияларнинг иши эмас. Мутахассислар бунинг учун сайёрмиздаги ҳар бир инсон ҳаётбахш қатламнинг емирилишига йўл қўймаслик учун ҳисса қўша олишини айтишмоқда.

Биз ҳам четда эмасмиз

2000 йил 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинган. Умуман шундан бери мамлакатимизда озон қатламини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 100 дан ортиқ турли даражадаги меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.

2019 йил 30 октябрь куни Президентимизнинг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон озон қатламининг емирилиши, иқлим ўзгариши, ерларнинг чўлланиши ва деградациясининг олдини олиш каби бугунги экологик таҳдидларни юмшатиш ва сусайтириш бўйича Бутунжаҳон ҳаракатининг бир қисми ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Экологик xавфсизлик тўғрисидаги умумий теxник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, таркибида озонни емирувчи моддалар бўлган ускуналарнинг атмосфера озон қатламига салбий таъсирининг олдини олиш чораларини кўрмасдан, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш тақиқланади. Атмосферани ифлослантирувчи ва озонни емирувчи моддаларни чиқарадиган корхона, муассаса ва ташкилотлар таркибида озонни емирувчи моддалар бўлган буюмлардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштиришини таъминлашга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.

Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги фармони билан тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурида ҳам озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи томонларининг навбатдаги 32-йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш ва шу орқали экологияни муҳофаза қилиш соҳасида республиканинг халқаро имижини ошириш кўзда тутилган эди. Аммо, бугунги кунда бутун дунёда тарқалган коронавирус пандемияси билан боғлиқ аянчли вазият бу каби йирик анжуманларни бевосита ташкил этишга имкон бермайди. Нима бўлганда ҳам бу мисол мамлакатимизнинг ушбу глобал масаладан четда турмаётганини кўрсатади.

Ҳазрат Навоийнинг «башорати»

Бундай ўзгаришларда инсон зотининг, у кашф этган ихтироларнинг ўрни беқиёс. Буни рад этиб бўлмайди. Асрлар мобайнида она табиатга нисбатан ваҳшиёна муносабат, экологиянинг бузилишига йўл очган кашфиётлар, табиий бойликлардан ўйламай-нетмай фойдаланиш каби ўнлаб омиллар бутун сайёрамизда глобал тангликни юзага келтириб қўйди.

Шу ўрнида беихтиёр ҳазрат Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони хотимаси ёдга тушади. Эсланг: Шоҳ Баҳром ўз аскарлари билан овга чиқиб, бир чангалзорда жуда кўп ҳайвонларга қирон келтиради. Қон дарё бўлиб оқади. Қоннинг ҳарорати чангалзорнинг юза қатламини ивитиб, унинг остидаги ботқоқликка йўл очади. Шу тариқа чангалзорда табиатга қирон келтирган Шоҳ Баҳромни аскарлари билан ер ютади.

Ахир бу билан буюк мутафаккир беш ярим аср илгари бутун инсониятни ана шу глобал хавфдан огоҳ этиб кетмадимикин? Ул зот бизга қараб «табиатга нисбатан шафқатсизлик қилсангиз, у ҳам сиздан шафқатсиз қасос олади» демоқчи эмасми?

Ҳа, аждодлар бизга ўзларидан нисбатан мусаффо оламни мерос қолдиришган. Бу осмон остида, бу заминда биздан сўнг бизнинг болаларимиз, набираларимиз яшайди. Шундай экан, бу оламнинг ҳар бир вакили ана шу масъулиятни унутмаган ҳолда яшамоғи, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари олдини олиш борасида курашмоғи керак.

Рустам ЖАББОРОВ,
журналист

2 178
ЎзА