ЎзА Ўзбек

11.07.2019 16:52 Чоп этиш версияси

ТАҲЛИЛ ва ТАҚҚОС: янгиланган “Тошкент” автовокзали ҳақида йўловчилар нима дейди?

ТАҲЛИЛ ва ТАҚҚОС: янгиланган “Тошкент” автовокзали ҳақида йўловчилар нима дейди?

“9 нафар фарзандим бор. 3 қизим Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида яшайди. Тўғрисини айтсам, бундан 3-4 йил аввал уларнинг олдига бориб-келиш анча машаққат эди. Йўл азобини ўйласам, юрагим орқага тортарди. Бугун замон бошқача. Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар самарасида қўшни мамлакатлар билан муносабатларимиз янги ўзан томон юзланди. Халқларимиз ўртасидаги борди-келди алоқалари қайта тикланди. Яқинда ойнаи жаҳон орқали “Тошкент” автовокзалининг янги биноси фойдаланишга топширилгани, Бишкекка замонавий автобуслар қатнаётганини эшитиб, роса қувондим. Бугун қизларимни кўргани кетяпман. Таассуротларимни сўз билан ифодалаб беролмайман”.

Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 75 ёшли Зумрад ая Қаршиева билан “Тошкент” автовокзалининг кенг, салқин ва ёруғ кутиш залида ёнма-ён ўтириб суҳбатлашарканмиз, унинг юз-кўзидаги мамнунлик, шукроналикни кўриб, бу эзгу ва хайрли ишларга бош қўшган, бунёдкорликларга эш бўлган инсонлар ҳақига тасаннолар айтдик.

2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатилмоқда

Хабарингиз бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 10 январида “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Мазкур қарор билан 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланди. Унда янги автобус йўналишларини ташкил этиш, мавжуд автовокзаллар ва автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, халқаро қатновларни йўлга қўйиш, қолаверса, йўловчи ташиш транспортларида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

photo5276183576301382369.jpg

Орада маълум муддат “Тошкент” автовокзали бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ер тамомила қаровсиз ҳудудга айланди. Қувонарлиси, соҳага қаратилаётган юксак эътибор туфайли вокзал бугун бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Ўтган йилнинг ёзида бунёдкорлик ишлари бошланган мажмуа шу йилнинг май ойида фойдаланишга топширилди. Натижада бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Айниқса, маҳаллий йўналишлар билан бирга, қўшни республикаларнинг йирик шаҳарларига автобус қатновларининг йўлга қўйилганидан кўпчилик юртдошларимиз мамнун.

— Ҳар гал олис йўлга отланарканмиз, кексаларимиз: “Йўлинг бехатар бўлсин”, “Яратганнинг паноҳида бўл”, дея қўлларини дуога очади, — дейди Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани “Янгиобод” маҳалласида яшовчи Абдуллоҳ Тўхтаев. — Бу бежиз эмас. Боиси узоқ йўлга чиққан инсон турли воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлади, сабр-тоқати синовдан ўтади. Аммо йўл текис, улов дуруст бўлса, бу саёҳат сенга энг ажойиб таассуротларни ҳадя этади.

Сурхондарё вилояти пойтахтдан анча олисда жойлашган. Вилоятимизга замонавий автобуслар қатновининг йўлга қўйилганидан жуда хурсанд бўлдим. Чунки бундай узоқ масофага автобусда қатнаш мен учун қулай. Тўғрисини айтсам, анча вақтдан буён йўлда юриб, бу қадар қулайликни ҳис қилмагандим.

“Ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги туфайли кўплаб автоҳалокатлар содир бўларди”

Вокзал энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Диспетчерлик хизмати, чиптахона, кутиш зали ва VIP залда йўловчилар учун барча шароитлар муҳайё. Меҳмонхона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, кафе-бар, миллий таомлар ошхонаси кеча-ю кундуз ишлаб турибди. Шунингдек, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхоналар ташкил этилгани зиёрат туризмини ривожлантириш, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини янада оширишга имкон беради.

photo5276183576301382370.jpg

— “Тошкент” автовокзалининг янги биноси фойдаланишга топширилганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ, аммо унинг хизматларидан бугун кўплаб юртдошларимиз, чет эллик сайёҳлар миннатдор, — дейди “Ўзавтовокзал сервис” ДУК бўлим бошлиғи Фикрат Норхўжаев. — Айниқса, юртдошларимиз билан суҳбатлашганимизда улар бу ўзгаришларни узоқ вақтлардан буён кутишаётгани сезилади. Хабарингиз бор, автовокзал бир неча йил қаровсиз қолди. Перронлар, кутиш зали, автобус бекатлари таъмирталаб эди. Шароит бўлмагани туфайли одамлар ўз манзилларига етиб олиш учун ортиқча пул сарфлаб, йўловчи транспорт воситалари хизматидан фойдаланишга мажбур бўлдилар. Энг ачинарлиси, ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги боис йўлларда кўплаб нохуш ҳолатлар, автоҳалокатлар содир бўларди. Эндиликда юртдошларимиз “Тошкент” автовокзали орқали пойтахтимиздан Самарқанд, Термиз, Жиззах, Денов, Бухоро, Қоракўл, Қарши, Урганч, Зарафшон, Хатирчи, Пахтаобод, Учқудуқ, Гулистон, Гагарин, Зомин ва Янгиер каби йўналишлар бўйича ўз манзилларига эсон-омон етиб олиш имконига эга. Шунингдек, маҳаллий ва чет эллик фуқаролар Чимкент, Хўжанд, Туркистон, Қизил-Ўрда, Қозон, Нижний Новгород, Алмати, Бишкек, Нур-Султон, Жетисай, Тараз ҳамда Ушконир каби 10 дан зиёд халқаро қатновлар хизматидан фойдаланишлари мумкин. Вокзалда 31 та перрон, 80 та автобус учун жой мавжуд. Нархлар ҳамёнбоп. Энг асосийси, хизматлар халқаро стандартларга тўла мос келади.

Чет элликларга бепул сим-карталар тақдим этилмоқда

Хорижий давлатларга кетаётган фуқароларнинг манзилларига эсон-омон етиб олишлари учун автобусда ташишга ихтисослаштирилган “Uzautotrans Service” корхонаси ташкил этилди. Корхона парки Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқарилган 168 та замонавий автобус билан тўлдирилди. Ушбу транспорт воситалари 53 йўловчига мўлжалланган бўлиб, қулай ва юмшоқ ўриндиқлар, ҳар бир ўриндиқ тепасидаги ҳаво дефлектори ва индивидуал ёритиш чироқлари, совутгич ҳамда монитор узоқ сафарга отланган йўловчиларга максимал қулайликни тақдим этади.

photo5276033518733994878.jpg

— Самарқанд шаҳрига са­ёҳатга кетяпман, — дейди кореялик сайёҳ Жи Сун Йонг. — Шу боис “Тошкент” автовокзали орқали автобусда манзилга етиб олишни мақсад қилганман. Тўғриси, ушбу вокзалга бундан бир неча йил аввал ҳам келганман. Аммо ўша пайтдаги шароитлар билан бугунгисини солиштириб бўлмайди. Ҳаммаси аъло даражада йўлга қўйилган.

Айниқса, чет эллик сайёҳлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида вокзал ҳудудининг
ўзида уяли алоқа воситалари учун бепул сим-карта
берилаётгани айни муддао бўлди. Чунки чет давлатга борган сайёҳ
биринчи галда алоқа воситаларига эҳтиёж сезади.

Бир сўз билан айтганда, илгариги кўримсиз, диққинафас, тиқилинч вокзалларнинг даври ўтди. Бугун барча соҳалар қатори йўловчи ташиш тизимида яратилаётган шароит ва қулайликлар аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ишонамизки, пойтахтда йўлга қўйилган ушбу эзгу ташаббус яқин йилларда ҳудудларда ҳам ўзининг ижобий натижасини беради.

Манба: “Mahalla” газетаси

ЎзА
3 968