Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 15:54 Чоп этиш версияси

Ўта хавфли рецидивист яна жиноятга қўл урди

Урганч шаҳрида яшовчи, Ж.Эшчанов ўзининг ўтган 47 йиллик умри давомида, суднинг “қора курси”сига тўрт бора ўтириб, “ўта хавфли рецидивист” деган “тамға”ни олиб улгурди.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганлари рост экан. 2018 йил 29 март куни “ўлжа” излаб Урганч шаҳар марказий деҳқон бозорига келган Ж.Эшчановнинг назари бозорда нарса харид қилаётган аёлнинг чўнтагидаги қимматбаҳо уяли телефон аппаратига тушди. У фурсат кутиб ўзининг навбатдаги қабиҳлигини амалга оширмоқчи бўлди. Аммо, Қўшкўпирлик Насибанинг чўнтагидан нархи 2 миллион 300 минг сўмлик уяли телефон апппаратини яширинча ўғирлаб олишга улгарган ҳам эдики, Ж.Эшчанов шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари томонидан ушланди.

Боши бир неча бор тошга теккан бўлса-да, ҳаётда ўзига тўғри хулоса чиқармаган Ж.Эшчанов яна бир бор умрининг маълум қисмини тиканли сим билан тўсилган девор ортида ўтказадиган бўлди. Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ўзи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИБ органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

А.Шокиров, ЎзА
8 759