ЎзА Ўзбек

23.07.2018 17:36 Чоп этиш версияси

ТАҚДИМОТ: “Odillik mezoni” – янги ҳуқуқий журнал

ТАҚДИМОТ: “Odillik mezoni” – янги ҳуқуқий журнал
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказида яқинда 1-сони нашр этилган “Odillik mezoni” ҳуқуқий, ижтимоий, илмий-амалий, оммабоп журналининг тақдимоти ўтказилди.

Мазкур журнални ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, бугунги кунда суд ҳокимияти олдида турган муҳим вазифаларни, шунингдек, суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечими билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларни судья ва суд ходимларига етказишдир. Шунингдек, соҳада қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятини, судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимида илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибасини таҳлилий мақолалар билан ёритиб бориш орқали аҳолининг, шу жумладан, суд ходимларининг ҳуқуқий ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш бўлиб ҳисобланади.

Убайдулла Мингбоев.jpg
Тақдимотни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев кириш сўзи билан очди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан давлатимиз тараққиётининг бугунги босқичида адолат ва қонун устуворлигини амалда таъминлаш стратегик вазифа сифатида белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари ўзининг деярли ҳар бир маъруза ва чиқишларида турмушимизда адолатни қарор топтириш энг асосий вазифамиз эканлигини уқтириб ўтадилар.

2018 йил 13 июль куни Президентимиз томонидан яна бир тарихий ҳужжат – “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Мазкур фармон билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш – суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланиши, суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва тайинлаш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни белгилаб берди.

Куни кеча 1-сони нашрдан чиққан, бугун тақдимотини ўтказаётганимиз “Odillik mezoni” ҳуқуқий, ижтимоий, илмий-амалий, оммабоп журналини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам, мана шу ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, судьялар ва суд тизими ходимларига етказишдан иборатдир.

Мамлакатимиз тарихида илк бор, суд тизимидаги мутлақо янги институт ҳисобланган Судьялар олий кенгаши тузилди ва у бугунги кунда самарали фаолият юритаяпти. Ушбу Кенгаш зиммасига судьялик лавозимига номзодларни танлов асосида танлаш орқали судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилиши ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш, судьяларни касбий тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш ва бошқа бир қатор жиддий вазифалар юклатилган. Журнал мана шу вазифалар ижроси билан боғлиқ материалларни тизимли равишда бериб бориши лозим. 

Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга муносиб ҳиссасини қўшиши керак.

02.JPG
Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдирди: 

– Авваломбор, барчаларингизни айниқса, “Odillik mezoni” ҳуқуқий, ижтимоий, илмий-амалий, оммабоп журнали таъсисчиларини янги нашр билан чин дилдан табриклайман.

Шунга алоҳида эътибор қаратиш керакки, мустақилликкача мамлакатимизда биттагина ҳуқуқий нашр бўлар эди. Бугун уларнинг сони 30 тага яқинлашиб қолди. Бу қувонарли ҳол. Сабаби, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти шароитида ҳуқуқий нашрлар ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Бу нашрлар жамоатчиликнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳам амалий аҳамиятга эга.

“Odillik mezoni” журналининг биринчи сонини батафсил ўқиб чиқдим. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири, унда ҳам Шарқ, ҳам Ғарб донишмандларининг адолат, одиллик, ҳалоллик тўғрисидаги пурмаъно фикрларининг берилишида деб биламан.

Фикрим қуруқ бўлмаслиги учун, журналнинг 12-бетида Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичик шаҳзодаси”дан қуйидаги парча берилади: 

“– Ахир суд қилгани бирортаям одам йўқ-ку, – деди кичик шаҳзода. 

– Ундай бўлса, ўзингни суд қил, – деди қирол. – Ўзингни суд қилиш, ўзгаларни суд қилишдан анча қийин. Ўз устингдан тўғри ҳукм чиқара олсанг, демакки, ҳақиқий донишманд бўлибсан.” 

Мана шу парча судьяларга ҳам жуда ибратли, мушоҳадага чорлайдиган фикр деб биламан.

Бундан ташқари, “Арастудан улуғ ҳақиқат” сарлавҳали мақолада мамлакатимиздаги энг ёш судья Давлат Раҳимов билан суҳбат, “Судья китоб жавони” рукнида берилган “Китоб дунёсидаги дунё” сарлавҳасидаги мақолада Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судьяси Аҳрорхон Ҳошимовнинг судьялар маънавиятининг юксак бўлишида китобнинг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ўз аксини топган.

Янги нашр этилган журнал мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судья ва суд тизими ходимлари, фуқаролар, тадбиркорлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар вакилларининг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, уларнинг соҳага доир ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. 

03.JPGШунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази директори Дилшод Арипов сўзга чиқди: 

– “Янги нашр судьялар фаолиятида амалий қўлланма бўлиши кераклиги, бунинг учун эса, таҳририят суд амалиётидаги муаммоларни чуқур ўрганиб чиқиш асносида, содда ва тушунарли услубда таҳлилий мақолаларни тизимли тарзда чоп этиб бориши лозим деб ҳисоблайман.

“Odillik mezoni” ҳуқуқий, ижтимоий, илмий-амалий, оммабоп журналининг илк сонида “Одил судлов муаммоларини ўрганиш: тадқиқот, таҳлил, натижа” номли материалда эса, Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган талаб, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш борасида амалиётда учраб турган муаммоларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ва унга ечим топишга кўмаклашиш мақсадида бундан бир йил олдин ташкил этилган Судьялар олий кенгаши ҳузурида Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолияти таҳлил этилади.

Хусусан, ушбу мақолада бугунги кунда Тадқиқот маркази томонидан қуйида келтирилаётган асосий йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилган:

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

суд фаолияти соҳасидаги қонунчилик ва амалиётни комплекс таҳлил қилиш;

судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш, уни сифатли амалга ошириш ҳамда фуқароларнинг суд тизимига ишончини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

халқаро ҳамкорлик, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий қонунчиликка имплементация қилиш.

04.JPG
Журнал бош муҳаррири Арслон Эшмуродов таҳририят олдида турган асосий вазифалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди: 

– Бугунги кунда суд тизимига қўйилаётган вазифалар, хусусан, “суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш”, бу борада “судларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш”, “судьялар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида” амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар таҳлилини, энг муҳими, “Судларнинг асосий вазифаси бўлган адолатни қарор топтириш, бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши” билан боғлиқ масалаларни журнал саҳифаларида ёритиш таҳририят олдида турган муҳим вазифалар сирасига киради.

Биз таҳририят ходимлари бу йўлда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий қонунчиликни амалда қўллаш ва такомиллаштириш масалаларини ёритиш билан бир қаторда, жамоатчиликка суд соҳасидаги республика ва хориж тажрибасини, таниқли ҳуқуқшунослар мулоҳазалари ва илм намояндаларининг тадқиқотларини ҳам кенг ёритиб боришимиз лозим. 

Бугунги тадбир иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларидан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Кенгаш ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, судьялар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, журналнинг навбатдаги сонларини янада такомиллаштириш, рукнларнинг ранг-баранглигини кенгайтиришга ҳаракат қиламиз.

Тақдимоти ўтказилган янги журнал ўз номидан келиб чиқиб, ўзининг саҳифаларида ҳаётимизда миллий тафаккурнинг энг ноёб ва нодир тушунчаси бўлган одиллик, адолат ва ҳақиқат тантанасига тўла эришишда муносиб тарғиботчи бўлишига умид қиламиз. “Odillik mezoni” таҳририяти ходимларига ижодий баркамоллик ва омад тилаймиз!

Фарҳод Эсонов, ЎзА
7 010