ЎзА Ўзбек

20.07.2018 20:06 Чоп этиш версияси

Тўйлар ўйларга уланмасин

Жорий йил Бўстонлиқ туманида оилавий ажримлар сони 40 фоизга ошиб, қарийб 100 тани ташкил этди. Хўш, ажримлар сони бу қадар ошиб кетишининг асл сабаби нимада ва бунда дабдабали тўйларнинг улуши борми?

Ўзбекистон “Адолат“ социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган мулоқотда оилавий маросимлар, тўй-ҳашам ва бошқа турли тантаналарни ихчамлаштириш, ортиқча исрофгарчилик ва дабдабанинг олдини олиш борасида туманда амалга оширилган ишлар, галдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Партия туман кенгаши масъуллари, ўқитувчилар ва маҳалла фаоллари томонидан сўнгги пайтларда тўй-маросимлар ва оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастликка берилиш оқибатида ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани, бундай тадбирларни ўтказишда халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарига мутлақо ёт одатлар ўйлаб топилаётгани, ўз навбатида, улар ўзига хос "мусобақа"га айланиб, аҳоли, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

– Тўй-ҳашамларда дабдабабозлик ҳолатлари учраб турибди, – дейди “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими мутахассиси М.Файзиева. – Афсуски, манманлик йўлида ким ўзарга қилинаётган бу каби тўйлар бутун жамиятга зарар етказмоқда. Ачинарлиси, айнан шу сабаб қанчадан-қанча ёш оилалар ажрашиб кетмоқда.

Йиғилишда тўй-ҳашам ва тантаналарда ортиқча исрофгарчилик ва дабдабанинг олдини олиш борасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш, бу борада кенг жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
4 702