ЎзА Ўзбек

31.08.2016 18:09 Чоп этиш версияси

Тўйлар тўйга уланмоқда

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар Жиззах вилоятида ҳам юксак савияда ташкил этилмоқда.

Зарбдор туманида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!” шиори остида ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар вакиллари иштирокида шундай тадбир ташкил этилди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кексалар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбир доирасида туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 14 нафар фарзандининг хатна тўйи ўтказилди. Анъанага кўра тўй болаларга сарпо кийдирилиб, маҳалладошлари, қариндош-уруғлари, жамоат ташкилотлари томонидан совғалар улашилди. Оилаларига туман ҳокимлиги томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.

– Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилаётган доимий эътибор самараси фуқаролар ўртасида қарор топган меҳр-оқибат, мурувват ва саховатпешалик каби юксак фазилатларда янада ёрқин намоён бўлмоқда, – дейди Зарбдор тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Жўраева. – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига уланиб кетган ушбу тўй ҳам унинг сабабчилари бўлган болакайларга бир олам қувонч бахш этди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази бадиий жамоалари иштирокидаги концерт тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
8 800