Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 19:02 Чоп этиш версияси

Тўйлар тўйга уланиб, кўнгиллар шод бўлмоқда

Тўйлар тўйга уланиб, кўнгиллар шод бўлмоқда Ангор туманидаги “Заринабону” тўйхонасида Ангор ва Музработ туманларидаги эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган 56 боланинг суннат тўйи ўтказилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилган хайрия суннат тўйида Давлат мукофоти совриндорлари, нуронийлар, тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва хайр-саховат каби юксак фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Айни кунларда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган хайрия никоҳ ва суннат тўйлари ҳам ана шу фазилатлар намоёнидир.

Байрамона безатилган “Заринабону” тўйхонасида миллий тўй либослари бўй-бастига ярашиб турган болалар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

– Тўй – орзуманд халқимизнинг энг гўзал, ажойиб маросимларидан, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов. – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида турли ҳудудларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказиб берилаётгани ҳам кўплаб ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг орзу-истакларини руёбга чиқариб, уларга бир олам қувонч улашмоқда.

Тўй болаларнинг ҳар бирига китоблар тўплами, Халқ банки туман бўлимларида улар номига очилган ҳисоб рақамига 1 миллион сўмдан пул маблағи ўтказилган жамғарма омонат дафтарчаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди.

– Ўғлим Беҳрузжоннинг суннат тўйи шундай тўкин дастурхон атрофида машҳур инсонлар иштирокида ўтишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, – дейди Музработ туманидаги Шаффоф маҳалласида яшовчи Ойзира Келдиева. – Куй-қўшиқ ва совға-саломлардан суюнган болажонларнинг қувончини кўриб, шундай меҳр-оқибатли юртда яшаётганингдан фахрланиб кетасан киши. Ғамхўрликлардан бутун халқимиз хурсанд, бизни-ку қўяверинг, еттинчи осмонда учиб юрибмиз. Фарзандларимизни ардоқлаб, кўрсатилаётган бундай эътибор учун давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга чексиз миннатдорлик билдираман.

Таниқли санъаткорлар ва ёш эстрада хонандалари ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Бундай хайрия тўйлари Термиз шаҳри ва барча туманларда қизғин давом этмоқда. Хайрия тадбирлари доирасида вилоятда 46 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ва 355 боланинг суннат тўйи ўтказилади.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
3 905






Все о погоде - Pogoda.uz