Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2018 19:19 Чоп этиш версияси

Тўйлар – маънавиятимиз белгиси

Тўйлар – маънавиятимиз белгиси
МУНОСАБАТ


Минг афсуслар бўлсинки, кейинги йилларда тўйларимизда ортиқча манманлик, дабдабабозлик, сарф-харажатлар ва исрофгарчиликларга йўл қўйилиб, ким ўзарга тўй қилиш ҳолатларига дуч келаяпмиз. Бу каби салбий холатлар Республикамиз ҳукуматини, қолаверса халқпарвар инсонларни ташвишга солгани сир эмас. Уларнинг саъйи- ҳаракатлари билан тўй ва маросимлар бир мунча тартибга келтирилди. Бироқ, жойларда ҳали-ҳамон тартибсизликлар, жумладан, суннат ва никоҳ тўйларида маслаҳат оши, қиз йиғинлари, ранг-баранг сарупо ва мебеллар, келин-куёвнинг қисқа “саёҳати”да кўплаб бир хилда машиналарда шаҳар кўчаларини тўлдириб, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан юришлари, тўйхоналарда овоз кучайтиргичларнинг баланд овозларда қўйилиб тинч аҳоли кайфиятини бузиши, айниқса, хаваскор санъаткорларнинг турли миллат тилларида айтаётган маъно-матрасиз қўшиқлари, бу куй-қўшиқларга рақсга тушаётган айрим сархуш йигит-қизларнинг ортиқча қилиқлари киши ғашини келтиради.

Бу каби халқимизга ёт, салбий иллатларнинг олдини олиш вақти келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу муносабат билан Республика “Махалла” ҳайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаоллларининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига Мурожаати қабул қилинди. Мурожаатда таъкидланишича, кейинги вақтларда тўйлар, оилавий тантаналар, турли маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг асрий урф-одатларини менсимаслик каби иллатлар оммалашаётганлиги ташвиш билан айтилди. Шунингдек, бу ҳақда муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев Навоий вилояти фаоллари билан ўтган учрашувда алоҳида, ачиниш билан таъкидлаб ўтдилар.

photo5280938345616222335.jpg

Тараққиётимизга тўсиқ ва ғов бўлаётган бу каби иллатларга барҳам бериш, тўй ва маросимларни ихчам замонавий кўринишда ўтказиш, тўй олди ва тўйдан кейинги керак-нокерак тадбирларни тўхтатиш зарурлиги, бунда кўпни кўрган кайвони отахон ва онахонлар, хотин-қизлар, дин вакиллари, ёшлар биргаликда ҳаракат қилишлари зарурлиги уқтирилди.

Пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кишилар, жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзлаётгани сир эмас. Бу хол минглаб оилаларнинг моддий ахволи ёмонлашувига, қарзга ботишига, энг ёмони жамиятимизда қарор топган маънавиятимизнинг бузилишига олиб келаётгани айни ҳақиқатдир.

Бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур. Бир кунлик тўй деб, бутун умр бўйи йиққанини совуриш ақлга сиғмайдиган ишдир. Бундан кўра, бева-бечораларга ночор инсонларга, муҳтож ва эхтиёжманд оилаларга ёрдам беришнинг савоби катта эканлигини ҳар бир тўй қиладиган фуқарога тушунтиришимиз, нур устига аъло нур бўлади. 

Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш, тавсия ва кўрсатмаларга амал қилиш, тўй ва маросимларни ихчам, замонавий кўринишларда, урф-одат ва анъаналаримизга мос тарзда ўтказиш мезонларини ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.

Тўй ва маросимларни белгиланган меъёрлар асосида ўтказишга бўйсунмаган кишиларни мансаби ва мавқеидан қатъий назар маҳалла фуқаролар йиғинига чақириб, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши барча маҳалла оқсоқолларига ва аҳолига етказилди.

Менинг фикримча бу каби иллатларга барҳам берилмаса, миллатимиз маънавиятига, ёш авлодимиз тарбиясига, фикр ва қарашларига албатта зарар етказади.



Нормўмин Холбоев
Олий Мажлис Сенати аъзоси, 
Касби тумани ҳокими


6 675