Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.10.2017 18:54 Чоп этиш версияси

Тўйлар тартибга солинмоқда

Халқимиз жуда болажон. Оилада янги меҳмон, чақалоқ туғилса, биздан бахтли одам йўқ. Фарзандимиз улғайган сари яхши ният билан тўй тараддудига тушамиз. Бу асрлар давомида шаклланган гўзал қадриятларимиздан бири. Бироқ, кейинги пайтларда тўй билан боғлиқ анъаналаримиз қаторига айрим беъмани урф ва расм-русумлар қўшилдики, уларнинг миллий қадриятларимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда “...айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”, деди ва бу борада амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Ана шундан келиб чиқиб, Марҳамат туманида тўй-ҳашам, маърака ва бошқа маросимларнинг ихчам, камхарж, ортиқча дабдабаларсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Тан олиш керак, тўйлар билан боғлиқ “янгича урф"лар кўплаб юртдошларимизни иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга солиб қўймоқда. Қолаверса, маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга ҳам путур етказмоқда. Тўйлар билан боғлиқ иллатларнинг олдини олиш борасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими, имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, умуман, шу ишга масъул барча мутасаддилар ҳамкорлигида зарур чоралар қўрилмоқда, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Келинг, шу ўринда никоҳ тўйлари ҳақида бироз мулоҳаза юритайлик. Тўй аслида йиллар давомида яхши ният, эзгу орзу-ҳавас билан орқизиб кутиладиган, қавм-қариндошлар, ёр-дўстлар жам бўлиб, янги оилани қутлайдиган тадбир. Элга дастурхон ёзиб, никоҳни маълум қилиш гўзал удумларимиздан бири. Лекин, кейинги йилларда тўйларимизни дабдаба билан ўтказишга, янгидан-янги "кашфиёт”лар қилишга ўрганиб қолаётган эдик.

Меҳмонларга келин-куёвнинг тўйдан олдинги муносабати, йиллар давомида йиққан сепи муҳрланган видеотасвирлар, биргаликда тушган ҳар хил ҳолатлардаги фотосуратлар кўрсатилишидек “янги урф”лар, никоҳдан олдин бўладиган “загс” базми, келин-куёвнинг қатор-қатор машиналарда сайр қилиши, қайсидир ресторанда ўйин-кулги қилинишининг нима кераги бор? Бу ортиқча харажат, кераксиз даҳмаза эмасми? Бу халқимизнинг ҳеч бир одоб-ахлоқ мезонларига тўғри келмайди. Бугун айрим юртдошларимиз замонавийликни рўкач қилиб, ана шу каби “оммавий маданият” кўринишларини ўзлари англамаган ҳолда ҳаётимизга олиб кирмоқда.

Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Шунинг учун ҳам ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тўй ўтказиш комиссиялари, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга отахон-онахонлар кўмагида тўй билан боғлиқ юқоридаги каби иллатларга барҳам берилмоқда.

Маҳалларимизда тўйдан аввал ва кейин ўтказиладиган “маъзар еди”, “юз очди” тадбирлари тўй куни ўтказилиши йўлга қўйилди. Никоҳ куни қатор-қатор машиналарда сайрга чиқиш, ёшларнинг алламаҳалгача ўйин-кулги қилиши сингари ҳолатлар бартараф этилди. Одамлар ўзлари англаган ҳолда тўйни қоронғу тушмасдан тўхтатмоқда.

Маҳаллаларда фаолият юритаётган “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси фаоллари, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан юқоридаги каби иллатларни бартараф этиш, тўйларни ихчам ўтказиш бўйича олиб борилаётган тарғибот ишлари туфайли самарали натижаларга эришилмоқда. Айниқса, бу борада Дурафшон, Гар-гар, Эрши, Мингтепа, Бобохуросон маҳалларида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Бундан ташқари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳам ижобий натижалар бермоқда. Кейинги ойларда туманимизда мана шундай ҳолатлар умуман қайд этилмади.

Ота-оналарга тўйда кераксиз, ортиқча харажат ўрнига ёш оилага ҳаётда зарур бўладиган жиҳоз ёки маънавиятини оширишга хизмат қиладиган китоб совға қилиши мақсадга мувофиқ экани тушунтирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, тўйларни ихчам, дабдабасиз ўтказиш, шунингдек, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оила қуриш остонасида турган йигит-қизларнинг оилавий ҳаёт, оиладаги бурч ва масъулият ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш борасидаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан зарур ишлар олиб борилмоқда.

Маъмурахон Сотволдиева,
Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЎзА
2 630






Все о погоде - Pogoda.uz