Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Тўй ва маросимлар – бугуннинг долзарб масаласи

Парламент қуйи палатасидаги Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия томонидан “Тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни ўтказишда давлат ва жамиятнинг ўрни” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Асосий эътибор жамиятнинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган тўй маросимлари, оилавий тадбирлар ва маъракаларни ўтказишни тартибга солиш, номақбул ҳолатлар ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш масалаларига қаратилди. Бунда жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг таъсири масалалари кенг муҳокама қилинди.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, тўйлар ва маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар билан кутилган натижага эришилмаяпти. Сўнгги йилларда юзага келган вазиятни эътиборга олган ҳолда диний уламолар, имом-хатиблар аҳоли орасида маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйиб бўлмаслиги, ислом динида тўйлар ва маъракаларда катта сарф-харажатлар оқланмаслиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Бироқ аҳолининг аксарият қисми орасида кўп сонли меҳмонлар таклиф этилиши – бу сахийлик ва обрў белгиси, деган фикр шаклланган. Натижада оилалар юзага келган қўштирноқ ичидаги анъаналарга мос бўлиш учун даромадларига яраша эмас, балки қарз олиб бўлса-да, катта сарф-харажат қилмоқда. Тўйларни бу тарзда ўтказиш эса оилаларни бир неча йиллар давомида қийналиб яшашга мажбур қилмоқда.

Давра суҳбатида иштирокчилар кўп йиллар давомида тўпланган катта маблағларнинг 3-4 соатда ўтиб кетадиган тўй маросимларида сарфлаб юборилаётганини таъкидлади. Аслида оқилона тарзда тўй ўтказиб, тежалган маблағни оила саломатлиги ва фаровонлиги, болалар таълим-тарбиясига сарфлаш мумкин.

Аҳоли ўртасида фаол доимий тушунтириш-тарғибот ишлари омма онгига таъсир ўтказишнинг бош воситаси эканини ҳисобга олиб, жамоатчилик дабдабали тантаналарга қарши чиқмоқда. Афсуски, тушунтириш чоралари ҳар доим ҳам самара бермаяпти, чунки “мумкин бўлган” ва “ортиқча исрофгарчилик” тушунчалари ўртасидаги чегарани белгилашда муайян мураккабликлар мавжуд. Бунинг устига одамлар аксарият ҳолларда анъаналар айнан уларга келганда узилиб қолишини истамаяпти.

Амалий фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўртага ташланган тадбирда жамоатчилик таъсирининг самарали воситаларини ишлаб чиқиш зарурлиги борасида ягона фикрга келинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
16 580