Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Тўй-маъракаларга оид Низом

Парламент қуйи палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ қилишга доир бир қатор қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенати тақдим этган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг яқинда матбуотда эълон қилинган халққа мурожаатида илгари сурилган тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларга, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка барҳам беришга оид таклифлар кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Мурожаатда айтилганидек, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда ўзини кўз-кўз қилиш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда. Энг ёмони, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда.

Одамларимиз ҳаёт тарзи яхшиланиб бораётган бир даврда миллий тараққиётимизга катта тўсиқ бўлиб келаётган бу иллатга барҳам беришда Ватанини севадиган, миллат, оила ғурури ва келажагини ўйлайдиган ҳар бир фуқаро бефарқ бўлмаслиги керак.

Фракция аъзолари бу борадаги муаммоларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш орқали бартараф этиш вақти келганини, шу нуқтаи назардан “Маҳалла” фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мурожаатида келтирилган таклифлар ҳамда Олий Мажлис Сенати томонидан таклиф этилаётган Низом лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Муҳокама давомида депутатлар Низомда тўй маросимларини ўтказишнинг қатъий меъёр ва мезонларини белгилаш ҳамда риоя этиш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг аниқ механизмларини йўлга қўйиш зарурлигини, бу жамиятда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенглик тамойиллари қарор топиши, аҳоли орасида кескин табақаланишнинг олди олинишига хизмат қилишини таъкидлади.

Шу билан бирга, тўй-маросимларни тартибга солишда оддий одамларнинг фикр ва таклифларини инобатга олиш, Низом лойиҳасини кенг жамоатчик муҳокамасидан ўтказиш орқали такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
12 719