Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.08.2018 16:39 Чоп этиш версияси

Тўрткўлда байрам кенг нишонланди

Ургут туманидаги "Тўрткўл" маҳалласи Самарқанд вилоятининг тоғли қишлоқларидан. 4000 га яқин аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқда кейинги йилларда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Жумладан, 1,6 гектар майдонда замонавий лойиҳалар асосида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этилди. Маҳалла маркази, қишлоқ врачлик пункти, 1300 ўринли амфитеатр, 120 савдо растасидан иборат бозор, 30 га яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, умумий овқатланиш шохобчалари қишлоқ қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.

– Бир неча ўн йиллар давомида орзу қилинган ишлар кейинги икки йилда амалга оширилгани ҳақида бировга айтсангиз, ишонмайди, – дейди маҳалла фаолларидан Шамсиддин Холмўминов. – Лекин бу ҳақиқат, кўрган кўз қувонадиган ободлик. Бозорлик қилиш учун ёки маиший хизмат, тиббий кўрик ва бошқа турли юмушлар билан туман марказига боришнинг ҳожати йўқ. Барчаси маҳалламизнинг ўзида муҳайё. 2016 йилда қурилган амфитеатрда эса тез-тез концерт ва бадиий жамоалар чиқишлари ўтказиб турилади.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги ҳам маҳаллада кенг нишонланди. Қишлоқ марказидаги амфитеатрда маҳалла аҳли, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун самарқандлик таниқли хонандалар, туман маданият бўлими қошидаги фольклор жамоалари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

– Байрам ва турли муҳим саналар чегара олди маҳаллаларимизда ҳам доим юқори савияда нишонланади, – дейди Ургут тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Ҳ.Қосимов. – Шу кунларда Мустақиллик байрами тантаналарини ўтказяпмиз. Бу тадбирлар доирасида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари улашилмоқда. Чегараларимизда хизмат қилаётган ҳарбийлар билан учрашиб, уларни байрам билан табриклаяпмиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 679