ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Тўрақўрғонда қулупнай пишди!

Тўрақўрғонда қулупнай пишди!

Ҳа, бундан атиги беш-ўн йил аввал қишда қулупнай етиштириш тўғрисида ҳатто ўйлаб ҳам кўрилмас эди. Бугун эса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган кенг имкониятлар туфайли хаёллар ҳам ҳақиқатга айланмоқда.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида барпо этилган бир гектарлик иссиқхонада қишнинг чирилламасида қулупнай пишиб тургани фикримизнинг далилидир.

photo5346166134199661308.jpg

– Январнинг бошида нишона ҳосилни узиб олгандик, – дейди “Универсал еврофуд трейдинг” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қ.Қурбонов. – Ҳозир ҳам ҳар куни қатор оралаб, қулупнайнинг пишгани узилиб, пешма-пеш бозорга чиқариб турилибди.

Тадбиркорнинг айтишича, мазкур жараён олти ой давом этади. Сўнг “она экин” мева бериш ўрнига ёнидан “болача” новдаларни чиқаради. Бу эса қўшимча қулупнайзор ташкил этиш имконини беради. Яъни қазиб олинган кўчатлар бошқа тувакларга ўтқазилиб, экин майдони кенгайтирилади.

photo5348393856426683625.jpg

Жанубий Корея технологияси асосида, гидропоника услубида ҳосил олинаётган мазкур иссиқхонада агротехник тадбирларнинг деярли барчаси автоматлаштирилган. Масалан, экинлар махсус жадвал асосида томчилатиб суғорилади. Обиҳаёт эса замонавий қурилма ёрдамида минерал ўғит ва бошқа фойдали унсурлар билан бойитилади. Сўнг компьютер дастур асосида белгиланган вақтга кўра пайкалга сувни узатади. Қулупнай гулларини чанглатиш ҳам ўзига хос услубда бажарилади. Иссиқхона ичида, худди қушнинг ини сингари қутичаларга жойлаштирилган “хорижлик ари”лар вақти-вақти билан индан чиқиб, гулларни чанглатади.

Асосийси, қишда пишган қулупнайнинг мазаси қанақа бўларкин? Ҳаммани қизиқтирадиган ва бизни ҳам бефарқ қолдирмаган шу саволга жавоб излаб мевадан бир-иккита татиб кўрдик. Очиғи, қуёш кўрмай етилган қулупнайлар жудаям нордон бўлса керак, деган хаёлга боргандик. Йўқ, биз ўйлагандек эмас экан. Яъни қулупнай ниҳоятда тотли экан.

photo5348156104217046445.jpg

Қулупнайлар етиштирилаётган иссиқхонанинг бир қисмида – 2 гектар майдонда ҳосилга кирган япон помидори навини танлашда ҳам серҳосиллиги ва касалликка чидамлилигига алоҳида эътибор қаратилибди. Гектаридан 80-100 тонна ҳосил олиш имконияти мавжуд помидор кўчатларидаги шода-шода сабзавотларни кўриб, дилинг яйрайди. Аслида шундай туйғуни иссиқхонага киришингиз билан ҳис этасиз. Чунки кенг ва ёруғ, озода ва шинам иссиқхонада юриш ҳақиқатан мароқли. Айниқса, ташқарида этни жунжиктирадиган совуқ ҳаво ҳукмрон пайтда ичкаридаги илиқ ҳаводан тананг баҳра оларкан. Дарвоқе, иншоотдаги мўътадил ҳавони бошқариш ҳам компьютер ёрдамида амалга ошириларкан.

– Мабодо ҳарорат талаб этилганидан паст даражага тушаётса, иссиқхонанинг тепа қисмидаги махсус ўрамалар автоматик равишда ёпилиб, иссиқ ҳаво юқорига чиқиб кетишининг олди олинади. Ёзда эса ташқарида кун ўта исиган пайтда айни шу услубда ичкари қизиб кетишига йўл қўйилмайди. Бир сўз билан айтганда, мисоли кондиционер, – дейди иш юритувчилардан бири.

photo5348156104217046444.jpg

Ҳозирча ички бозорга маҳсулотларини тақдим этаётган тадбиркорларнинг нияти келгусида хорижга чиқиш. Бу борада жаҳон бозорининг талаб ва таклифи ўрганилмоқда. Муҳими, ҳаракатчан ҳамюртларимизнинг интилишлари натижасида нафақат бозорларимиз харидоргир, тансиқ маҳсулот билан бойияпти, балки қўшимча иш ўринлари ҳам яратилмоқда. Айни пайтда корхона иссиқхоналарида 40 нафар киши доимий иш билан банд. Шунингдек, 80 га яқин киши мавсумий юмушларга жалб этилмоқда.

3 418
Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА