Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 15:02 Чоп этиш версияси

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши қачон якунланади?

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган иссиқлик электр станцияси ишга туширилишини бутун Фарғона водийси аҳолиси сабрсизлик билан кутмоқда. Чунки, мазкур энергетика иншооти минтақада электр таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга, ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, аҳоли ҳаёт фаровонлиги ва турмуш маданияти юксалишига хизмат қилади.

Кейинги пайтда одамлар орасида “Тўрақўрғон ИЭС да нима гап? ИЭС қурилиши тўхтаб қолган шекилли? ИЭС қачон ишга тушар экан?” қабилидаги саволлар кўпаймоқда.

“Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Наманган ҳудудий бўлими инспектори Шерзод Ҳожиевнинг таъкидлашича, мазкур муҳим лойиҳа бўйича бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти буюртмаси асосида барпо этилаётган станциянинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 миллион 870 минг АҚШ долларига тенг. Ҳозир бу ерда объектгача бўлган йўл ва коммуникация тармоқлари, дирекция маъмурияти учун икки қаватли бино, ёнғин хавфсизлиги хизмати иншоотлари, соатига 120 куб метр ишлаб чиқариш қувватига эга бетон заводи ва бошқа кўплаб ёрдамчи хўжалик иншоотлари қурилган. Бундан ташқари, ИЭСда ишловчилар учун қурилаётган тўрт қаватли иккита турар жой биносида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш-монтаж ишларига 800 ишчи ва 44 махсус техника жалб этилган.

Иссиқлик электр станцияси қурилишини инвестиция дастури асосида молиялаштириш бўйича ўтказилган тендер танловлари натижаларига кўра, лойиҳага консалтинг хизмати кўрсатиш Япониянинг “ТЭПСКО” компанияси томонидан амалга оширилади. Ушбу компания билан 18 миллион 338 минг долларлик шартнома имзоланган. Шунингдек, халқаро тендерда Япониянинг “Mitsubihi Corporation”, ”Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорциуми бош пудратчи сифатида ғолиб, деб топилган. Ушбу компания билан 749,43 миллион долларлик шартнома имзоланган. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб ёрдамчи пудратчи – Туркиянинг “СaIik Enerji” компанияси муҳандис-техник мутахассислари ҳам қурилиш-монтаж ишларида фаол иштирок этаётир.

Иссиқлик электр станциясининг 1-энергоблоки 2019 йил декабрь ойида ишга туширилади. 2-энергоблок ва станциянинг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йилнинг март ойига режалаштирилган.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
6 030