ЎзА Ўзбек

22.08.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Тўрақўрғон ИЭСда 1-энергоблокни монтаж қилиш бошланди

Тўрақўрғон ИЭСда 1-энергоблокни монтаж қилиш бошланди Мамлакатимиз энергетика тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наманган вилоятида амалга оширилаётган йирик лойиҳа бу борадаги амалий ишларга ёрқин мисол бўла олади.

Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган йирик энергетика иншоотида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.

Мазкур иссиқлик электр станциясининг ишга туширилишини нафақат наманганликлар, балки Фарғона водийси аҳли сабрсизлик билан кутмоқда. Бу иншоот минтақада электр таъминотидаги муаммоларни енгиллатиш билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, ҳаёт фаровонлиги, турмуш маданиятининг юксалишига хизмат қилади.

4.jpg

Қурбон ҳайити ва ИЭС 1-блокининг газ-турбина қурилмаларини келтириб, ўрнатилиши муносабати билан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида бугунгача амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар билан таништириш мақсадида эҳсон дастурхони ёзилди. Унга кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси буюртмаси асосида бунёд этилаётган мазкур станциянинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 миллион 870 минг долларга тенг. Айни пайтда улкан энергетика иншоотининг барча йўналишларида туну кун бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Ҳудуд мўъжаз шаҳарча қиёфасини касб этиб улгурди.

10.jpg

Тадбир доирасида вилоят ҳокими Х.Бозоров ва жамоатчилик вакиллари иссиқлик электр станциясида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

А.Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
5 833