Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 23:23 Чоп этиш версияси

Тўгараклар ўқувчилар билан гавжум

Тўгараклар ўқувчилар билан гавжум
Ўқувчи-ёшларнинг қизиқиши, лаёқатига қараб турли фан ва касбга йўналтиришда “Баркамол авлод” марказларининг алоҳида ўрни бор.

Айни ёзги таътил кунлари бундай марказлар, хусусан, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Баркамол авлод” маркази ёшлар билан янада гавжум.

Марказда “Тасвирий санъат”, “Тўқувчилик”, “Оила ва саломатлик”, “Карвинг”, “Бадиий гимнастика”, “Инглиз тили” каби ўн йўналишда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган 210 нафар ёшга фан ва касб сирлари ўргатиб келинмоқда.

– Катта бўлсам, олим бўламан, – дейди 16-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Улуғбек Бахтиёров. – Бунинг учун аъло баҳоларга ўқиш, инглиз тилини яхши билиш керак. Ҳозирча эркин гаплашолмайман, лекин бу ерда устозларимдан кўп сўзларини билиб оляпман. Мана кўрасиз, тез орада инглизчада бемалол гаплаша оладиган бўламан.

А.Худойқулов, ЎзА