ЎзА Ўзбек

30.08.2018 17:16 Чоп этиш версияси

Ўт ўчирувчиларга янги бино

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлик қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Кейинги йилларда мамлакатимизда ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимида амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишлар халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимлар масъулиятини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар чоршанбаси “Ёнғинлар профилактикаси куни”, деб эълон қилинди. Бу тилсиз ёвнинг ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада камайишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида ёнғин хавфсизлиги қисмлари жойлашган биноларни капитал таъмирлаш, зарур ҳолларда янгидан бунёд этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, ўтган йилларда Денов туманида иккита, Сариосиё, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида биттадан ёнғин хавфсизлиги қисмлари тубдан таъмирланиб, шахсий таркибнинг самарали хизмат қилиши, жанговарлигини ошириши учун барча қулайлик яратилди. Янги мебеллар, компьютер жамланмалари, замонавий алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар етказиб берилди. Олтинсой туманида бунёд этилган янги бинода ҳам шахсий таркиб учун барча шароит мавжуд.

Тадбирда касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлик қисмига зарур талаблар асосида жиҳозланган янги ўт ўчириш автомашинаси топширилди. Бир гуруҳ соҳа ходимларига маиший техника буюмлари совға қилинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 704