Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.08.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Ўт ўчириш: амалиёт ва тажриба

Жиззахда вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўт ўчириш бўйича амалий тактик машғулот ўтказилди.

Вилоят телерадиокомпанияси бино ва иншоотларида ўтказилган ўқув машқида фавқулодда вазият юзага келганда муассаса раҳбарияти ва навбатчи масъул ходимлари томонидан амалга ошириладиган тезкор тадбирлар, ёнғин ўчириш гарнизонининг жанговар тайёргарлиги, уларнинг имкониятини ошириш, шахсий таркибнинг ўта қийин вазиятларда жанговар вазифаларни бажариш қобилиятини кучайтириш ҳамда махсус хизматлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш каби вазифалар амалий синовдан ўтказилди.

Ўқув машқида телерадиокомпаниянинг кўнгилли вакиллари, Жиззах шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмларининг шахсий таркиби, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, шаҳар ички ишлар бўлими тезкор тергов гуруҳи, қўриқлаш, газ ва электр тармоқлари, тиббий хизмат ходимлари жалб этилди.

Объект ҳудудида жойлашган асосий студияда шартли содир бўлган ёнғинни бартараф этиш вазифаси бажарилди.

– Ўқув машқидаги шартли вазиятда ҳаракатлар ҳақиқий ҳолатдаги натижалар билан баҳоланиши иштирокчиларнинг масъулиятини оширади, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ бошлиғи Равшан Ибрагимов. – Якунда қатнашчиларнинг ҳаракатлари, қўйилган вазифани қандай бажарганликлари танқидий таҳлил қилинди. Ҳар бир хизмат ходимларининг фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлари баҳоланиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил қилиш амалда шундай хатоларнинг такрорланмаслиги учун муҳим. Ўқув машқини ўтказишда ҳам шу мақсад кўзда тутилган эди.

Ўтказилган ўқув машқи соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. Ўқув машқи фақат ёнғин хизмати ходимлари эмас, вилоят телерадиокомпанияси жамоаси ва мазкур тадбирнинг барча иштирокчилари учун маҳорат дарси вазифасини ўтаганлиги эътироф этилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 675