Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 19:28 Чоп этиш версияси

Суюлтирилган газ учун композит баллонларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Суюлтирилган газ учун композит баллонларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Тошкент вилоятининг Ангрен туманида суюлтирилган газ учун мўлжалланган композит баллонларни ишлаб чиқарадиган янги “UNG ECCONN” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ишга туширилди.

Қўшма корхона таъсисчилари бўлган “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти таркибидаги “Нефтгазинвест” масъулияти чекланган жамияти ва Корея Республикасининг “Hyundai International Co.Ltd.” ушбу лойиҳада тенг улушга эга. 

Қиймати жами 5,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 60 минг дона “ECONN 20” композит баллонни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Иккинчи босқичда эса ушбу кўрсаткич икки баробарга ортиши кутилмоқда. 

01.jpg

Ҳозир бу ерда 50 литр ҳажмга эга 20 килограммлик баллонларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Яроқлилик муддати ўн йил бўлган композит баллонларнинг ҳарорат оралиғи Цельсий бўйича - 40°С дан +80°С гачани ташкил этади. Композит баллоннинг афзаллиги шундаки, у металл баллондан 60 фоизга енгил, коррозияга учрамайди ва экологик тоза маҳсулотдир. 

Мазкур шиша-полимер баллонларга хавфсизлик қопқоғини ўрнатиш зарурияти йўқ. Чунки улар ўн баробарлик чидамлилик даражасига эга (металл баллонларда ушбу кўрсаткич 3-5 даражани ташкил қилади). Композит материаллар хусусияти ва дизайни эвазига портлашдан ҳимояланган ва майда бўлакчаларга парчаланмайди. 

Таҳлилчилар фикрига кўра, МДҲ бозорининг ушбу маҳсулотга бўлган талаби 30 миллион баллондан ортиқни ташкил этади. Ҳозирги кунда ишлатилаётган баллонларнинг 60 фоизи эскирганини инобатга олсак, бу янги маҳсулотга талаб кундан-кунга ошиб боради. 

Демак, композит баллонлар нафақат Ўзбекистон аҳолисининг эҳтиёжини қондириш, балки мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада кўтаришга хизмат қилади. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА