Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 20:17 Чоп этиш версияси

Суюлтирилган газ: нарх ошди, сифат ўзгарадими?

Суюлтирилган газ: нарх ошди, сифат ўзгарадими? Маълумки, жорий йил 1 августдан Ўзбекистонда 1 килограмм суюлтирилган газ нархи 800 сўм этиб белгиланди. Нима учун айнан шу нарх танланди? Бу билан аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш яхшиланадими?

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Одил ТЕМИРОВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб берди.

– Аҳоли эҳтиёжи учун ажратиладиган суюлтирилган газ нархи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда белгиланади. Маълумки, шу пайтга қадар, айтайлик, 20 килолик газ баллонининг нархи ҳудудлар бўйича 6,5 минг сўмдан 14,5 минг сўмгача эди. 1 августдан бу нарх барча ҳудудлар учун бирхиллаштирилиб, 1 килограмм суюлтирилган газ нархи 800 сўм этиб белгиланди, – дейди Одил Темиров. – Шу ўринда табиий савол туғилиши мумкин. Белгиланган қийматдан юқори нархда газ сотиш ҳолати кузатилса, кимга мурожаат қилиш керак? “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг мамлакат бўйлаб газ таъминоти бўйича ҳудудий бўлинмалари мавжуд, уларнинг ҳар бирида ишонч телефони ишлаб турибди. Истеъмолчилар тизимда қонунбузарликни пайқаса, мурожаат қилиши мумкин. Биз ҳар бир мурожаатни кўриб чиқамиз ва чора кўрамиз.

– Истеъмолчиларнинг эҳтиёжидан ташқари суюлтирилган газ экспортга ҳам чиқарилади, автомобиль газ қуйиш шохобчаларига жўнатилади. Билишимизча, автомобиллар учун мўлжалланган газ қиймати тобора ўсиб бормоқда ва айрим ҳудудларда бензиндан ҳам қиммат. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Жорий йил май-июнь ойларида ички биржа савдоларида суюлтирилган газ қийматининг ўсиши кузатилди. Бу ўз ўрнида ёқилғи нархининг ошишига сабаб бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан истеъмолга чиқарилаётган газ ҳажми бу йил ўтган йилга нисбатан 26 фоизга орттирилди. Яъни, тақчиллик ҳақида гапиришга асос йўқ. Шу билан бирга, 2017 йил билан солиштирилганда, суюлтирилган газ қуядиган машиналар сони 11 мингга камайган. Шунга қарамай, биз Товар-хомашё биржасида нархларнинг ўсишини кузатмоқдамиз.

Суюлтирилган газ биржага ишлаб чиқариш таннархида бир тонна учун 500 мингдан 1 миллион сўмгача бўлган қийматда чиқарилади. Савдо вақтида мижозларнинг ўзи нархни белгилайди ва энг яхши таклиф берган мижоз газни сотиб олади. Ҳозирги кунда биз, ишлаб чиқарувчилар ва таъминотчилар Товар-хомашё биржасидаги нарх шаклланишини ҳам, газ қуйиш шохобчаларидаги нархларни ҳам бошқариш имконига эга эмасмиз.

Экспорт сиёсати борасида шуни айтиш керакки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ йиллик жадвал асосида ишлайди. Суюлтирилган газ асосан қўшни давлатларга экспорт қилинади. Бунинг мамлакатдаги ички талабга ҳеч қандай таъсири йўқ.

Бу йил биз биржа савдоларига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 минг тонна кўпроқ суюлтирилган газ чиқардик. Демоқчиманки, аҳоли эҳтиёжлари учун таклиф етарли даражада сақланиб турибди. Ўзингиз кузатишингиз мумкин, ҳозир мамлакат бўйлаб газ қуйиш шохобчаларида катта навбатлар кузатилмаяпти. Бу йил биз бензин ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширдик. Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига суюқ ёқилғининг уч ойлик захирасини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Биз буни ҳам бажаришга муваффақ бўлдик.

– Суюлтирилган газ қуядиган автомобиллар сони қисқарди, деяпсиз. Бу нима билан боғлиқ?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорига мувофиқ, суюлтирилган газ билан ишлайдиган янги газ қуйиш шохобчаларини очишга лицензия бериш тўхтатилди. Истиқболда суюлтирилган газни автомобиль газ қуйиш шохобчаларига етказиб бериш ҳам тўхтатилади, дея тахмин қилиш мумкин. Шу боис автомобиль эгалари бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланишга ўтмоқда.

– Одил Шукурович, суюлтирилган газни тақсимлаш механизми ҳақида гапириб берсангиз.

– Суюлтирилган газ “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖнинг газ қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан қазиб чиқарилади ва қайта ишланади. Мамлакат бўйлаб суюлтирилган газга талабни мониторинг қилиш асосида “Ўзтрансгаз” АЖнинг газ таъминоти бўйича ҳудудий бўлинмалари буюртма беради ва шундан келиб чиқиб, газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш пунктларига етказади. Ўтган йили аҳолига 366 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу йил ушбу кўрсаткични 406 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Газ баллонларини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш “Ўзнефтгазмаш” АЖ таркибига кирувчи Чирчиқ, Бухоро ва Қўқондаги заводларда амалга оширилади. Ўтган йили аҳолига 750 минг донадан ортиқ янги суюлтирилган газ баллони етказиб берилган, бу йилги режа эса 634 минг дона. Таъкидлаш керакки, газ баллонлари сотилмайди, истеъмолчилар фақат унинг ичидаги газни харид қилади.

Улуғбек Асроров суҳбатлашди, ЎзА
5 744