ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Сувни тежашга эҳтиёж йил сайин ортиб боради

Сувни тежашга эҳтиёж йил сайин ортиб боради

Бутун дунёда аҳоли сони шиддат билан ўсаётган, иқтисодиёт тармоқлари жадал суръатлар билан ривожланаётган бир пайтда табиий неъматлар – сув ва ер ресурслари, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Шундай шароитда улардан оқилона фойдаланиш, тупроқнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлигини ошириш, тежамкор суғориш усулларини кенг татбиқ этиш орқали экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш давр талабидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, минтақамизда глобал иқлим ўзгариши сабабли Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. 2030 йилга бориб музликларнинг яна 15-20 фоизи йўқолиб кетиши башорат қилинмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2015 йилда Ўзбекистон бўйича умумий сув танқислиги 3 километр кубни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб 7 километр куб, 2050 йилга қадар эса 11-13 километр кубга етиши мумкин. Сўнгги йилларда Орол денгизи ҳавзасидаги сув камайган йиллар тобора кўпайиб бормоқда. Хусусан, 2000 йилга қадар ҳар 6-8 йилда сув тақчил йиллар такрорланган бўлса, охирги вақтларда эса ҳар 3-4 йилда кузатилмоқда.

Бундай сув тақчиллигини дарёларнинг қуйи қисмида ҳамда канал ва бошқа сув манбаларидан узоқда жойлашган истеъмолчилар, айниқса, чуқур ҳис этмоқда. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли қишлоқ хўжалик экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7-10 фоизгача ошиши тахмин қилинаётгани ҳам бу борадаги масъулиятни янада оширишни талаб этади.

Трансчегаравий дарёлардан самарали фойдаланиш – давр талаби

Президентимизнинг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди.

Сўнгги йилларда минтақадаги давлатлар билан трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор берилиб, қўшни давлатларга амалга оширилган ташрифлар давомида минтақадаги сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи энг юқори даражада муҳокама қилинди. Унда кўп йиллардан буён ечилмай келаётган масалалар ҳал қилинди, келишувлар имзоланди.

Хусусан, қўшни давлатлар билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида икки томонлама Ишчи гуруҳлар тузилиб, келишувларга эришилмоқда. Шунингдек, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси доирасида ҳам ҳамкорлик амалга оширилаяпти.

– Минтақамизнинг асосий сув манбалари – Амударё ва Сирдарё сувининг йиллик ўртача миқдори 114,4 километр кубни ташкил қилади, – дейди Сувдан фойдаланиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Шарифжон Қўчқоров. – Давлатлараро келишувга асосан ушбу дарёлар ўзанида Ўзбекистоннинг улуши йилига ўртача 56,2 миллиард метр кубга тенгдир. Шунингдек, республикамиз ҳудудида 11,47 километр куб миқдорда ички сув ресурслари шаклланиб, шундан 4,82 километр куб Амударё дарёси ҳавзасига, 6,65 километр куб Сирдарё дарёси ҳавзасига қуйилади.

Ўзбекистон фойдаланиши учун келишиб тасдиқланган жами сув ресурслари ҳажми эса йилига 63,0 километр кубни ташкил қилади.

Сувни кафолатли етказиб бериш таъминланмоқда

Сув ресурслари чегаралангани сабабли мамлакатимизда сувдан фойдаланиш чекланган лимитлар асосида амалга оширилади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги асосий сув истеъмолчиси бўлиб, жами ишлатиладиган сувнинг ўртача 90 фоизи ушбу соҳага сарфланади. Ушбу бебаҳо неъмат коммунал хўжалигига – 4,2 фоиз, энергетикага – 2,3 фоиз, саноатга – 1,3 фоиз, балиқчилик хўжаликларига – 1,2 фоиз ва бошқа соҳаларга 1 фоиз миқдорида тўғри келади.

Сув хўжалиги иншоотларини ишлатиш ва замонавийлаштиришга давлат бюджетидан жуда катта маблағ ажратилаяпти. Шунинг ҳисобига республика бўйича ҳар йили 5 минг километр магистрал каналлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 16 минг километр суғориш ва нов тармоқлари, 10 мингга яқин гидротехник иншоотлар ва гидропостлар тозаланиб, таъмирланаяпти.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида сувни тезкор бошқариш ва истеъмолчиларга ўз вақтида кафолатли етказиб бериш имконияти яратилмоқда. Суғориш тармоқларидаги техник ва фильтрация йўқотилишини камайтиришга эришилмоқда. Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатининг натижаси ўлароқ, фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори ўтган асрнинг 80-йилларига нисбатан йилига 64 миллиард метр кубдан ўртача 51 миллиард метр кубгача камайишига эришилди.

Агар ўтган асрнинг 90-йиллари бошида 1 гектар суғориладиган майдонда ўртача 18 минг метр куб сув ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 10,5 минг метр кубни ташкил этмоқда.

Соҳага оид қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилади

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотларни инобатга олган ҳолда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Сув хўжалиги вазирлигининг эксперт гуруҳи томонидан ўндан ортиқ ривожланган давлатларнинг сув хўжалигига оид қонун, кодекслари ҳамда тажрибалари ўрганилди.

Шунингдек, мамлакатимиз сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон сув хўжалиги тизимини ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари, жумладан, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

– Ушбу концепция лойиҳасини пухта ва сифатли ишлаб чиқиш мақсадида Хитой, Исроил, Германия, Испания, Туркия ва Россия каби ривожланган давлатларнинг сув хўжалигини бошқариш тизими, сув хўжалиги концепциялари, дастурлари ҳамда сувни бошқариш билан боғлиқ ҳужжатлар атрофлича ўрганилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ахборот-таҳлил ва ресурс маркази директори Воҳиджон Аҳмаджонов. – Концепция лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишилганидан сўнг Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Мақсад соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, сувдан самарали фойдаланиш борасида жойларда амалга оширилаётган ишларни янада оммалаштиришдир.

Сув тежовчи технологиялар омилкорликни оширади

Қишлоқ хўжалиги экинларидан кўзланган ҳосилни олиш кўп жиҳатдан сувга боғлиқ. Яъни, экин парваришида агротехника тадбирлари ўз вақтида ўтказилса, суғоришда ресурстежамкор технологиялардан унумли фойдаланилса, томчиси тиллога тенг обиҳаёт беҳуда оқизилмаса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Шу боис, мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларидан самарали ва тежаб фойдаланишга устувор вазифалардан бири сифатида ёндашилмоқда. Жорий йилда республикамизда 12,6 минг гектар майдонда плёнка тўшаб, 43,5 минг гектар майдонда қувурлар орқали суғориш ишлари йўлга қўйилди.

1 минг 156 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилди. Жумладан, Тошкент вилоятида 500 гектар майдонда “Спринклер”, 332 гектар майдонда “Пивот”, 140 гектар майдонда “Фрегат” агрегатларидан фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашда янги замонавий автоматлаштирилган, юқори самарадорликка эга комплекс суғориш тизими – “Пульсар” (ёпиқ қувур орқали суғориш тизими) технологиясини жорий қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилаяпти. Ушбу технология АҚШнинг “SILVERLEAFE BMB AGRO TRADE GROUP” компанияси томонидан Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 2 минг гектар майдонда жорий этилаётир.

Мамлакатимизнинг нисбатан кам ёғингарчилик бўладиган, ҳаво ҳарорати иссиқ ҳудудларида тупроқ остидан суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича ҳам тавсиялар тайёрланмоқда. Мазкур технология Андижон вилоятида 3 гектар майдонда синовдан ўтказилаяпти.

Бу каби саъй-ҳаракатлар, аввало, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ресурстежамкор суғориш усулларини кенг татбиқ этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2 921
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА