ЎзА Ўзбек

15.04.2019 16:34 Чоп этиш версияси

Сувни ифлослантирмаслик одатимизга айлансин

Сувни ифлослантирмаслик одатимизга айлансин

Сув – тириклик манбаи. Шунинг учун ҳам бу бебаҳо неъматнинг қадри юксак.

Дунё миқёсида ушбу бебаҳо неъматни асраш, ундан оқилона фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар кўпайиб бормоқда.

Хўш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ва тизимни янада такомиллаштиришга йўналтирилган меъёрий ҳужжатлар ижроси қониқарлими?

– Сув билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар соҳада замонавий бозор механизмларини жорий этиш, бу борада мутлақо янги тизимни шакллантириш имконини бермоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Турғун Искандаров. – Шунга қарамай сувни ифлослантирмаслик долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ҳозиргача туманларнинг 71 фоизида марказлашган оқова сув тармоқлари мавжуд эмас. Масалан, Тошкент вилоятида зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжуд. Вилоятдаги “Сувоқова” давлат унитар корхонасига қарашли 9 оқова сув тозалаш иншоотининг ҳаммаси ҳам фойдаланишга яроқли эмас. Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманларида ҳанузгача марказлашган канализация тармоғи йўқ.

Саноат корхоналаридан чиқаётган сувлар тўғридан-тўғри Чирчиқ дарёсига оқизилмоқда. Энг ачинарлиси, Изза каналидан оқаётган санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган сувдан маҳаллий аҳоли маиший эҳтиёжлари учун фойдаланмоқда.

Айтиб ўтиш керакки, соғлом ҳаёт бевосита тоза ичимлик суви билан боғлиқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик суви сифатининг пастлиги ҳамда санитария-гигиена қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ.

– Иссиқ кунларда кўпчилик, айниқса, болалар очиқ сув ҳавзаларида чўмилади, – дейди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази директори Баҳром Алматов. – Ифлосланган сувни ютиш эса юқумли ошқозон-ичак касалликларига сабаб бўлади. Яъни қорин тифи, дизентерия, гепатит А, патоген энтеробактериялар, ошқозон-ичак трактининг зарарланиши каби хасталиклар келиб чиқади.

Шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари, дам олиш масканлари, умумий овқатланиш объектларида сифатли сув билан таъминлаш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

2018 йил давомида бактериологик таҳлилларга олинган 136 минг 782 намунадан 11 минг 260 таси, яъни 6,6 фоизида, кимёвий таҳлиллар олинган 86 минг 452 та сув намунасидан 11,1 фоизида санитария талабига жавоб бермаслик ҳолати кузатилди.

Шу билан бирга, 2018 йил давомида пойтахтимиздаги Яшнобод, Миробод, Бектемир, Яккасарой ва Сергели туманлари худудидан оқиб ўтадиган канал ва анҳорларнинг санитария-техник ҳолати ўрганилди. Натижада фуқаролар томонидан қирғоқларда ўзбошимчалик билан қуриб олинган ҳаммом, ҳожатхона, молхона, товуқхона, шахсий хонадонлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва оқова сув қувурлари кабилар аниқланди.

Очиқ сув ҳавзаларини ифлослантирувчи шу каби мингдан зиёд объектлар буздириб ташланди. Бу борадаги ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, ҳаётимизда муҳим ўрин тутувчи сувдан тежаб фойдаланиш, уни ифлослантирмаслик одатимизга айлансин.

Жонибек Маърупов

ЎзА
1 615