Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 12:33 Чоп этиш версияси

Сув ва энергиядан фойдаланиш самарадорлиги

Сув ва энергиядан фойдаланиш самарадорлиги

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) томонидан “Амударё ҳавзасининг насослар ёрдамида суғориладиган ҳудудларида сув ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сув ресурсларидан фойдаланиш, аҳолининг экологик хабардорлигини ошириш борасида Экоҳаракат ва Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) ҳамкорлиги тобора ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан ўтган 10 йил давомида экологик барқарорликни таъминлаш, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар бўйича иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

Лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг насослар ёрдамида суғориладиган ҳудудлари, хусусан, Қарши чўлида моделлаштириш воситаларидан фойдаланиб, дала майдонларида сув ва энергия ресурсларини тежаш йўллари борасида қатор ишлар амалга оширилгани, соҳанинг экологик муаммолар тобора глобаллашиб бораётган бугунги кундаги аҳамияти нечоғлик катта экани қайд этилди.

Тадбирда халқаро ташкилотлар вакилларига минтақада олиб борилган аввалги ва амалдаги лойиҳаларнинг натижалари ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши борасидаги тақдимотлар намойиш этилди.

Д.Суннатов, ЎзА