Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 15:00 Чоп этиш версияси

Сув тежамкорлиги – мўл ҳосил кафолати

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатлари, ғўзадан кафолатли ҳосил яратишнинг қўшимча чоралари масалаларига бағишланган сессия бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ иштирокида ўтказилган йиғилишида сув билан боғлиқ вазият ва уни бартараф этиш юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди. Ҳудудда жойлашган сув омборларидаги сув захираси 2017 йилга нисбатан 7 фоизга камайган. Бу эса, ўз навбатида, вилоятда суғориладиган ерларга талаб этиладиган сув миқдоридан 308 миллион куб сув танқислигини вужудга келтирмоқда.

Ушбу ҳолат вилоятдаги мавжуд қарийб 400 минг гектар суғориладиган ерларда сувдан оқилона фойдаланиш, сувнинг ҳар томчисини мақсадли сарфлашни талаб этади. Жорий йилда ҳудудда сувни тежаш мақсадида 800 гектар ер майдонида эгатга плёнка тўшаб, 2 минг 120 гектар ерда эса ўқ ариқлар ўрнига эгилувчан қувурлар орқали суғориш усуллари жорий этилади. Яна 53 дона кўчма дизель насос агрегатлари олинади.

Соҳага илғор инновацион технологияларни жорий этиш сув исрофининг олдини олишга хизмат қилади. Аммо, вилоятда айрим сув агрегатларининг носоз ҳолатда экани, ариқларнинг етарли даражада тоза эмаслиги, тунги суғориш усулига амал қилмаслик, суғориш ишларига сувчиларнинг етарлича жалб этилмаслиги каби ҳолатлар ҳам мавжудки, бу ҳолат сувнинг ортиқча исроф бўлишига сабаб бўлмоқда. Биргина суғоришда навбатни ташкил этиш каналлардаги сув исрофини 10-20 фоиз, ўқ ариқлардаги сув исрофини 30-35 фоизгача камайтириши мумкин.

Йиғилишда сув кўп талаб этиладиган такрорий экинлар майдонини қисқартириш, тизимга илғор инновацион технологияларни жорий этишни янада ошириш масалалари муҳокама этилди.

Сессияда мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил этилиб, уларни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш, белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда депутатлар назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

А.Худойқулов, ЎзА
2 469