ЎзА Ўзбек

05.07.2018 21:16 Чоп этиш версияси

Сув таъминоти соҳасида давлат-хусусий шериклиги: миллий тажриба ва халқаро амалиёт

Сув таъминоти соҳасида давлат-хусусий шериклиги: миллий тажриба ва халқаро амалиёт
Осиё қитъасида 300 миллион аҳоли истеъмолга яроқсиз ичимлик суви ичишга мажбур. Яна 400 миллион киши электр энергиясисиз, 1,5 миллиард аҳоли эса санитария талаблари сифат жиҳатдан оғир шароитларда ҳаёт кечиради.

Бугун сув таъминоти, маиший чиқиндиларни бошқариш, сувоқова каби соҳалардаги муаммоларни бартараф этишда давлат-хусусий шериклик муносабатларидан унумли фойдаланиш ечим сифатида намоён бўлмоқда.

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Сув таъминоти соҳасида давлат-хусусий шериклиги ва ақлли технологияларни ривожлантириш” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Осиё тараққиёт банки ва Хитой Халқ Республикасининг қашшоқликка қарши курашиш ва минтақавий ҳамкорлик жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, банк-молия институтлари, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси мутахассислари, халқаро экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев, Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатлари билан ишлаш департаменти вакили Йе Йонг кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, жойларда инфратузилмани ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бунда жаҳон тажрибаси асосида давлат-хусусий шериклик тизимининг босқичма-босқич жорий этилаётгани кутилган натижаларга эришиш имконини бермоқда.

Семинар доирасида ақлли технологияларни кенг жорий этиш орқали минтақа аҳолисини қийнаётган сув тақчиллиги, шаҳарлар тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим топиш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари ва глобал тенденцияларни амалда татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

– Турли соҳаларда давлат-хусусий шериклик тамойилини йўлга қўйиш қатор афзалликларга эга, – деди Сеул университети профессори Парк Хьеон. – Бу афзалликнинг биринчиси, фискал макон кенгайишидир. Яъни, давлат-хусусий шериклиги ҳукумат учун молиявий кўмакка айланади. Бу, ўз навбатида, кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш имконини беради.

Бугунги кунда Осиёнинг ривожланган давлатларида сув таъминоти, маиший чиқиндиларни бошқариш, сувоқова тизимлари давлат-хусусий шериклик тамойили асосида тараққий этмоқда. Хусусий тармоқларда фаолият юритувчи операторлар бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчилар ишончини оқлаш учун улар эҳтиёжини ўз вақтида ўрганиб, талаб ва таклиф асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйган.

Сессия йиғилишлари давомида халқаро ва маҳаллий экспертлар ана шундай тажрибани Ўзбекистонда ҳам жорий этиш масаласини муҳокама қилди, “Ақлли шаҳар”, “Электрон ҳукумат”, “Сув таъминотида ақлли технологияларни қўллаш тажрибаси” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Семинарда, шунингдек, сув таъминоти, маиший чиқиндиларни бошқариш тармоқларида давлат-хусусий шериклиги асосида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
6 880