Сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқлар қазилмоқда
Мазкур масаладаги ишлар Шаҳрихон, Балиқчи, Марҳамат Гулистон, Сайхунобод, Тошлоқ каби туманларда етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида дастурда белгиланган ҳудудларда артезиан қудуқларини қазиш ишлари бошланмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрда қабул қилинган қарорига асосан жорий йилда юртимиз бўйлаб 186 маҳаллада қарийб 300 та катта ҳажмдаги артезиан қудуқлар қазилиши белгиланган. Бунинг учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан 16,8 миллиард сўм ажратилади.
Кенгаш матбуот хизматидан ЎзАга маълум қилишларича, ҳозирда 1 минг 600 га яқин хонадонни сув билан таъминлашга мўлжалланган қудуқлар қазиш учун 9 184,7 миллион сўм ажратилди. Йил якунига қадар 562 та МФЙлар ҳудудида 3354 артезиан қудуқлар қазилиши якунланади. Натижада эса 13 минг 600 хонадонлар ҳамда уларнинг 1344,6 гектар экин майдонлари сув таъминотига эришилиши прогноз қилинмоқда.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 310 МФЙда қазилган 1712 та артезиан қудуқлар туфайли 2 мингдан ортиқ хонадоннинг 221,3 гектар томорқа ер майдони сув билан таъминланиб, икки-уч марта ҳосил олиш, маҳсулот етиштириш орқали даромадга эга бўлиш имконияти яратилди.
Мазкур масаладаги ишлар Шаҳрихон, Балиқчи, Марҳамат Гулистон, Сайхунобод, Тошлоқ каби туманларда етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида дастурда белгиланган ҳудудларда артезиан қудуқларини қазиш ишлари бошланмаган.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 30 июлида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғоришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори бу борада янги имкониятлар эшигини очиб берди. Унда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишга давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш тартиби келтирилган.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган ҳар бир гектар харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда субсидия берилади. Демак, ҳар бир гектар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари яъни 10 миллион атрофида. Ёки сув насос билан чиқарилган 100 гектарга 1 миллиарддан кўпроқ маблағ берилади. Албатта, берилаётган бу имконият жуда кўпчиликнинг оғирини енгил қилиши шубҳасиз.
Бу қарор билан энди аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан ортиқ бўлган қудуқларнинг ҳар бир метри учун 100 минг сўмдан тўланади. Бунда 40-30 метрлик қудуқ аҳолининг қўлида қолади ҳам уларга тўланади. Кўп жойда эса 10-15 метрдан ҳам сув чиқади.
Камида 50 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғориш учун артезиан қудуқлари қазилганда 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплаш борасидаги таклиф эса кўплаб томорқачилар ва деҳқонлар оғирини енгил қилиши шубҳасиз.