Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.06.2018 13:08 Чоп этиш версияси

Сув тақчил йилда омилкорлик билан иш юритган миришкор мўлжалдаги ҳосилни тўплайди

Сурхондарё вилоятида 3 мингдан ортиқ фермер хўжалиги 78 минг 528 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос “Бухоро-102”, “Султон”, “Бешқаҳрамон”, “Наманган-77”, “Порлоқ-1”, “Иолатан-14 А 1” сингари серҳосил ва эртапишар ғўза навларини парваришламоқда.

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” доирасида сув ресурсларидан тежаб фойдаланиш, қатор ораларини культивация қилиш, чуқур юмшатиш, суспензиялаш, ниҳолларни иккинчи марта маҳаллий ўғит билан озиқлантириш каби юмушлар тажрибада синалган агротехник тадбирлар асосида амалга оширилаётир.

Мутахассисларнинг фикрича, ёғингарчилик меъёрдан кам бўлган бу йилги шароитда сувдан тежаб, оқилона фойдаланишга, маҳаллий ўғитлар билан сифатли озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани мўл ҳосил тўплашда ютуқлар омили бўлмоқда. Намликни сақлаб туриш учун қарама-қарши культивация қилиш, биринчи суғоришдан сўнг “боранка” мосламаси билан қатор ораларига ишлов бериш жорий этилгани ҳам ҳосил салмоғини оширишга кўмаклашмоқда.

– Ғўза парваришталаб, нозик ўсимлик, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси И.Исломов. – Айниқса, бу йилгидек сув тақчил ва ёз иссиқ келаётган йилда омилкорлик билан иш юритган миришкор мўлжалдаги ҳосилни тўплайди. Шу боис тажрибада синалган усулларни қўллаб, маҳаллий ўғит билан озиқлантириш, тунги суғориш ишлари сифатли ташкил этилмоқда. Чунки, маҳаллий ўғит ерда намликни узоқ вақт сақлаб, ниҳолнинг чанқаб қолмаслигига кўмаклашади. Тунги салқинда шарбат усулида суғорилган ғўза оби-ҳаётга қониб, баравж ривожланади. Бу юмушларни сифатли ташкил этиш учун ҳар гектар майдонга 3 тоннадан маҳаллий ўғит чиқаришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳар 5 гектар майдонга биттадан сувчи бириктирилиб, тунги суғориш тизими жорий этилди.

Таҳлилларга кўра, ҳозиргача далага 250 минг тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит чиқарилган. 13 мингдан зиёд тажрибали сувчи 70 минг гектарга яқин майдонда биринчи тунги суғориш ишларини сифатли якунлади. Бу каби ишлар салмоқли ҳосил тўплашда ўз самарасини бераётир. Хусусан, 11 минг гектардан зиёд майдонда ниҳол бир текис шоналади. 45 минг гектар ердаги ғўза қийғос гуллаб, 22 минг гектарга яқин майдонда иккитадан кўсак кўзга ташланиб қолди.

– Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш ва ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олингани бу йилги шароитда мўлжалдаги ҳосилни тўплашда муҳим омил бўлмоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ш. Бойқулов. – Хусусан, сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш ҳамда ғўзада кафолатли ҳосил яратиш бўйича вилоят штаби ташкил этилиб, бу борадаги ишлар атрофлича таҳлил қилинмоқда. Ҳудудларда фаолият юритаётган жамоатчилик назорат ишчи гуруҳи сувдан оқилона фойдаланиш ва мўл ҳосил тўплаш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бораётир. Суғориш даврида фермерлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим тадбирлар эслатмаси тайёрланиб, тарқатилди. Соҳада бой тажрибага эга оқсоқоллар гуруҳи бу борадаги қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишга яқиндан кўмаклашаётир. Бу ишларнинг барчаси машаққатли меҳнат ва катта харажат эвазига фермерларимиз етиштираётган ҳосилни тўлиқ сақлаб қолишга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 711