ЎзА Ўзбек

22.07.2016 19:15:59 Чоп этиш версияси

Сув келтирган элда азиз

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг Дўрмон, Оёқчи каби олис овулларида яшовчи 20 мингга яқин аҳоли томорқалари, Ҳалимбет массивидаги 65 фермер хўжалигининг 7 минг гектарга яқин экин майдонларини оқар сув билан таъминлаш яхшиланди.

Бунга Алили-ёп каналида реконструкция ишлари амалга оширилиши туфайли эришилди. “Гурлан” коллекторини кесиб ўтувчи мазкур канал кейинги йилларда яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Давлат инвестиция дастури асосида узунлиги 23 километрлик сув тармоғини қайта бунёд этиш ишлари 2014 йилнинг март ойида бошланди. Бу хайрли иш “Амударёдавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилди.

– Бу ишларга ўнга яқин экскаватор ва бульдозер жалб этилди, – дейди “Амударёдавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ш.Юсупов. – Жами 4 миллиард 700 миллион сўмликдан зиёд қурилиш ишлари бажарилиб, 20 дона сув тақсимлаш ускунаси ва бошқа муҳандислик гидроқурилмалари ўрнатилди.

Замонавий лойиҳа асосида капитал реконструкция қилинган канал олдинги 3,5 кубометр ўрнига эндиликда ҳар сонияда ўртача 8,3 кубометр сув ўтказиш қувватига эга бўлди. Натижада илгари фойдаланилган юзга яқин электр сув насосларига эҳтиёж қолмади.

– Экинларни суғоришда электр насослардан фойдаланганимиз учун ҳар йили 10-12 миллион сўмга яқин электр энергияси сарф қилар эдик, – дейди “Ортиқов Ражаб” фермер хўжалиги раҳбари Т.Ортиқов. – Энди мана шу ортиқча харажатлардан ҳам қутулдик.

Каналнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.