ЎзА Ўзбек

04.09.2018 14:20 Чоп этиш версияси

Сув келтирган – элда азиз

Сув келтирган – элда азиз

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами кенг тантана қилинаётган шу кунларда Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани "Қирққулоч" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси яна бир қулайликка эга бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Намуна, Бўстон, Янгиобод ва Гулобод қишлоқларини сув билан таъминлаш имконини берадиган "Қирққулоч" сув тўплаш ва тарқатиш иншооти қуриб, фойдаланишга топиширилди. Маҳалладаги 615 хонадонда 750 дан зиёд оила истиқомат қилади.

Халқимизда "Сув келтирган – элда азиз", деган нақл бежиз айтилмаган. Ҳозирга қадар мазкур ҳудуд аҳолиси ичимлик суви муаммосидан азият чекиб келар эди. 300 миллион сўм маблағ эвазига маҳалла фуқаролар йиғини идораси олдида сув тўплаш ва тарқатиш иншооти қурилиши бу муаммога барҳам берди. Иншоотнинг ишга тушиши натижасида 3 та янги иш ўрни ҳам яратилди.

– Бу иншоотнинг барпо этилиши қишлоғимиз аҳли учун ажойиб байрам совғаси бўлди, – дейди маҳалла фаолларидан Туфли Эгамбердиев. – Илгари ичимлик сувини 150-200 минг сўмга узоқ масофадан ташиб келтирар эдик. Бу анча қийинчилик туғдирарди. Энди эса ичимлик сувидан қийналмаймиз. Бундан одамлар жуда хурсанд.

Ў.Баротов, ЎзА​
8 750