ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Сув етказиб беришга йирик субсидиялар ажратилади

Сув етказиб беришга йирик субсидиялар ажратилади

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида видеоконференсалоқа тарзидаги навбатдаги мулоқот ўтказилди.

Унда жорий йилнинг 30 июлида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғоришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарорида хусусида сўз борди.

Унда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишга давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш тартиби келтирилган.

- Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган ҳар бир гектар харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда субсидия берилади, - дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ахтам Ҳайитов. 

- Мисол учун, Андижон туманида, Мўйноқда ерларни ўзлаштириш ҳаракатлари бошланган. Ҳисоблаб кўринг, ҳар бир гектар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари яъни 10 миллион атрофида. Ёки сиз сувни насос билан чиқарсангиз 100 гектарга 1 миллиарддан кўпроқ маблағ берилади. Албатта, берилаётган бу имконият жуда кўпчиликнинг оғирини енгил қилиши шубҳасиз.

Қарордаги муҳим янгиликлардан яна бири аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан ортиқ бўлган қудуқларнинг ҳар бир метри учун 100 минг сўмдан тўланади. Бунда 40-30 метрлик қудуқ аҳолини қўлида қолади ҳам уларга тўланади. Кўп жойда эса 10-15 метрдан ҳам сув чиқади.

Камида 50 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазилганда 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплаш борасидаги таклиф эса кўплаб томорқачилар ва деҳқонлар оғирини енгил қилиши шубҳасиз.

Видеоконференсалоқа тарзидаги мулоқотда сув билан боғлиқ муаммо бўладиган барча ҳудудларда рўйхатлар шакллантирилиши ҳақида топшириқ берилди. Келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

3 834
ЎзА