Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 16:06 Чоп этиш версияси

Сув-ботқоқли ҳудудларни муҳофаза қилишга оид ишлар самара беряптими?

Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти ҳамкорлигида сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги халқаро конвенция талабларининг бажарилиши ҳолатига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

1971 йил 2 февраль куни Эроннинг Рамсар шаҳрида халқаро ҳамжамият томонидан сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган сув-ботқоқли ҳудудларни муҳофаза қилиш мақсадида халқаро аҳамиятга эга ҳудудлар тўғрисида халқаро конвенция қабул қилинган. Мазкур конвенцияга бир юз етмишдан кўпроқ давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган.

Семинарда юртимизда ушбу конвенцияда белгиланган талабларнинг амалга оширилиш ҳолати таҳлил этилди. Сувли-ботқоқли ҳудудлар табиатнинг ажралмас қисми, сайёрамизнинг экологик мувозанатини сақлаш, биологик хилма-хилликни таъминлаш, жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Айни вақтда Рамсар рўйхатига 2 минг 260 та сувли-ботқоқли ҳудуд киритилган.

Мамлакатимизда халқаро конвенцияда белгиланган талабларни бажариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қарийб бир миллион гектарни ташкил этадиган беш юздан ортиқ кўл мавжуд. Кўчиб юрувчи қушларнинг кўплаб турлари учун сув-ботқоқ ҳудудлари қулай қўнимгоҳ бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам бундай ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларда яшаш муҳитининг барқарорлигини сақлаш муҳим аҳамият касб этади.

Тўдакўл кўлини ва Қуйимозор сув омборини Рамсар рўйхатига киритиш бўйича вазирлик ва идораларнинг тегишли хулосалари олинган эди. Айни пайтда мутахассислар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида ушбу табиий ҳудудларда мунтазам равишда мониторинг ва кузатув ишлари олиб борилмоқда. Бу экологик барқарорликни сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишда тавсиялар ишлаб чиқишда қўл келади. Қорақалпоғистон Республикасидаги Судочье, Қашқадарё вилоятидаги Аччиқкўл ва шу каби бошқа қатор кўлларни ҳам Рамсар рўйхатига киритиш юзасидан самарали ишлар амалга оширилди.

Сув-ботқоқ ҳудудларида олиб борилаётган тадқиқотлар, жумладан, сувда сузувчи қушларни халқаро ҳисобга олиш муҳим экологик акция бўлиб, у қушлар сони ва улар яшайдиган жойдаги экологик ҳолат бўйича маълумот йиғишга йўналтирилган. Ҳар йили Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти ташаббуси билан мамлакатимиздаги сув ҳавзаларида, шаҳарлар, улар атрофидаги кўллар ва каналларда қушларни кузатиш ҳамда ҳисобга олиш ишлари олиб борилади. Ушбу акцияда бешта орнитологик клубларнинг аъзолари, талабалар ва ўқитувчилар, орнитологлар, “Қушларни ҳимоя қилиш” жамияти аъзолари ва кўнгиллилар иштирок этади. Олиб борилган ишлар натижалари таҳлил этилади.

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан атроф-муҳитни асрашга алоқадор бўлган қатор қонунларни такомиллаштириш, уларнинг жойлардаги ижросини назорат қилиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр билдирилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 905