Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 17:59 Чоп этиш версияси

Сусткашлик йиллик меҳнат самарасини йўққа чиқариши мумкин

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида 5 июлдан 5 сентябрга қадар эълон қилинган “Ҳосилга – ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги”нинг ярми ўтди. Ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил қилиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш йўлидаги бу сафарбарликдан кутилган натижа катта ва ҳаракат ҳам шунга яраша бўлиши керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида долзарб икки ойлик бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросига танқидий баҳо берилди, бу борада лоқайдлик, сусткашлик қилган мутасаддиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, Наманган вилоятининг Уйчи туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул тўртта сектор раҳбарини лавозимидан озод этиш тўғрисида топшириқ берилди.

Уйчи вилоятнинг қишлоқ хўжалиги бўйича энг намунали, пешқадам туманларидан бири ҳисобланади. Туман кўп йиллар мобайнида пахтачилик агротехникаси, юқори ҳосилдорлик омили билан боғлиқ амалий ишлар бўйича вилоят миқёсидаги семинарларга мезбонлик қилган, бу борадаги тажрибаси оммалаштирилган. Жумладан, жорий йилда ҳам туманда 6345 гектар майдонда ғалла етиштирилиб, гектаридан 58 центнердан ҳосил олиш ва давлатга дон сотиш шартнома режасини 119,1 фоизга бажаришга эришилди. Пиллачиликда шартномадаги 135 тонна ўрнига 135,1 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси етиштирилди. Иккинчи ҳосилдан 5 минг 920 килограмм пилла олинди. Шунингдек, туман боғдорчилик, сабзавот ва бошқа зироатчилик маҳсулотлари етиштиришда ҳам бой тажрибага эга. Туманда 1 минг 300 гектар майдонга сабзавот, 3 минг 340 гектарга дуккакли, 2 минг 800 гектардан зиёд майдонга картошка, полиз, шоли, кунгабоқар ва бошқа озуқа экинлари такрорий экин сифатида экилган.

Бу каби ютуқларга қарамай, туманда “Ҳосилга – ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги”да ғўза парваришига эътибор сусайтириб юборилгани, агротехник тадбирларни амалга оширишда оқсоқликка йўл қўйилганини инкор этиб бўлмайди. Жорий йилда туманда 251 фермер хўжалиги тасарруфидаги 6 минг 269 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда. Айни ғўза ривожини жадаллаштириш мақсадида тузилган 14 отряд иштирокида кунига 620 гектар майдонда культивация, 426 гектар майдонда суғориш, 129 гектар ерда ўтоқ-чопиқ ишлари ҳамда юзлаб гектар майдонда зараркунандаларга қарши кимёвий ва биологик воситалар ёрдамида кураш, озиқлантириш, чеканка қилиш каби агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай юқори ҳосилдорликка эришишга салбий таъсир кўрсатадиган камчиликлар ҳам борки, улар келтиражак муқаррар зарарнинг олдини олиш шу куннинг долзарб вазифасидир. Мутахассислар гуруҳи томонидан ўрганишлар натижасида 1-сектор ҳудудидаги “Порлоқ келажак осмони”, “Ориф Олим Яҳё Шерзод”, “Хизиробод”, “Хизиробод файз-барака" фермер хўжаликлари даласида ҳар 10 туп ғўзадан 2-3 кўсак қурти билан зарарланганлик ҳолати аниқланган. “Охунбобоев омад”, “Гулноза Шаҳноза Дилшода” фермер хўжаликларида чеканка якунланмаган.

2-сектор ҳудудидаги “Соҳибжон” фермер хўжалигининг 6 гектар пахтазорида ўргимчаккана тушган жойлар бор – унга қарши тезкор чора кўрилмаса, бутун майдонни эгаллаб олиши мумкин. “Овчибулоқ зар чашмаси” фермер хўжалигида эса 5 гектар майдон чанқатиб қўйилган, маҳаллий ўғит жамғарилмаган, феромон тутқичлар ўрнатилмаган. “Камола Мирзоҳид”, “Абдураҳмон ота Умрзоқов”, “Илҳомжон Икромжон” фермер хўжаликларида ғўзалар маҳаллий ўғитдан фойдаланмасдан суғорилмоқда.

3-сектор ҳудудидаги “Шафтоли дурдонаси” фермер хўжалигининг 4,5 гектар майдонида ғўзалар сийрак ўсгани эрта баҳордан фермер ёки сектор раҳбарларини ташвишга солмагани ажабланарли. Бундан ташқари, мазкур хўжаликда ғўза ривожланишдан орқада қолгани улар ўз вақтида суғорилмагани ва суғориш шарбатсиз амалга оширилганидан далолат беради. Шу ҳудуддаги “Юксалиш нурли замин”, “Жаҳон” фермер хўжаликларида дала четлари қаровсизлиги, ғўзанинг чанқаб-қақраб ётгани, “Эгамберди полвон Нурматов” хўжалигининг 17 гектар ерида ўргимчаккана билан зарарланиш, “Гулистон Файз” хўжалигида культивация қилинмагани, “Орол зиё нур” хўжалигида 7 гектарга яқин пахтазорни бегона ўт босиб ётгани, “Иномиддин Ривожиддин” хўжалигида 9 гектар ғўзани кўллатиб суғориш каби ҳолатлар учрайди.

4-сектор раҳбари масъул ҳудуддаги “Соҳил бўйи файз” фермер хўжалигининг 23 гектари чеканка қилинмаган. “Кесканёр оқ олтини” хўжалигининг 20 гектар майдони шарбатсиз суғорилган бўлса, 18 гектардаги ҳосилга кўсак қурти хавфи таҳдид солмоқда. Кўсак қурти ва ўргимчаккана билан зарарланган майдонлар “Бояғон боғи эрам” фермер хўжалигида ҳам бор. “Ясситепа анорзори” хўжалигида эса 8 гектар ғўза сувдан кейин культивация қилинмагани боис ривожланишдан ортда қолмоқда.

Уйчи туманининг қишлоқ хўжалиги борасидаги обрў-эътиборига деҳқончиликда ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишларга сабаб бўладиган юқоридаги ҳолатлар соя солиши ҳеч гап эмас.

Акромжон Сатторов, ЎзА