Сурункали касаллиги бор инсонлар ўзига ва ўзгаларга зарар бериши исботланган
Инсон ёш билан боғлиқ турли руҳий зўриқиш, тушкунлик, депрессия ҳолатларини бошидан кечириши мумкин.
Инсон ёш билан боғлиқ турли руҳий зўриқиш, тушкунлик, депрессия ҳолатларини бошидан кечириши мумкин. Бу кўпинча биз ўтиш даври, деб атайдиган ўсмирлик даврида кузатилади.
Шу маънода, умумтаълим мактаблари психологларини болалар ва ўсмирлар ўртасида суицидга мойилликни аниқлайдиган психоташхис тест борми, улар орқали ёшларда ўзига ва ўзгаларга зарар беришга мойилликни қандай аниқласа бўлади, деган савол қизиқтириши табиий.
Бу саволга психолог-тренер Акобир Абдуллаев жавоб берди:
– Болалар ва ўсмирлар ўртасида суицидга мойилликни аниқлайдиган психоташхис тест ҳозирча йўқ. Чунки инсон қачон ўзига суиқасд қилишини айтиб бериш мумкин эмас. Умуман, ўлим ва психология орасида илм йўли анча чигал ҳамда бир-биридан йироқ. Айниқса, бирор одамни “Бу ўзини ўлдиришга мойил“, дейишнинг ўзи нотўғри. Ҳар ҳолда психолог “фолбин“ ёки “экстрасеанс“ эмас. Инсон ўлимини олдиндан айтиб бериш унинг тақдирини башорат қилишдай гап. Суицидга мойилликни аниқлайдиган бирор аниқ, ҳеч бўлмаганда 50-60 фоиз натижани бера оладиган, кафолатланган тестни билмайман. Устозларимиздан сўраганимизда, улар ҳам аниқ жавоб бермаган.
Кўплаб тестлар борку, у нима учун керак, деб сўрарсиз? Айрим тестларга келадиган бўлсак, биз суицидга мойилликни аниқлайди, деб ҳисоблайдиганларимиз шулар жумласидан бўлиши мумкин. Улар суицидга мойилликни эмас, балки суицидга сабаб бўлиши мумкин бўлган бирор-бир белгини аниқлайди. Масалан, депрессия, тушкунлик (суициднинг энг кенг тарқалган сабаби), ёлғизлик (депрессия ва ёлғизлик ораси бир қадам), умидсизлик (умидсизлик бу дунёдан кетиб, янги дунё кашф этиш истагини туғдиради), агрессивлик (агрессия кимгадир йўналтирилган бўлиши билан бирга, ўзига ҳам йўналтирилган бўлиши мумкин), хавотир даражаси (ҳар қандай салбий эмоция, жумладан, хавотир ҳам ўзи билан бошқа салбий эмоционал оқимни олиб келиши эҳтимолдан холи эмас) кабиларни психоташхислаш мумкин.
Лекин улардан бирортаси шахсни суицидга мойил, деб айтишга ҳуқуқ бермайди. Гарчи, депрессияга чалинганларнинг кўп қисми суицид билан умрига нуқта қўйгани тўғрисида статистика бўлсада, депрессияни енгиб ўтиб, оптимистик ҳаёт кечираётганлар ҳам кам эмас.
Болалар ва ўсмирлар ўртасида ўзига ва ўзгаларга зарар беришнинг олдини олиш учун депрессия, тушкунлик, ёлғизлик, умидсизлик, агрессивлик, кучли хавотир кабиларни тадқиқ этиб, уларнинг сабабини ўрганиб, бартараф этиш керак. Айниқса, ҳаётий мақсадлар, яшашга ундовчи қадриятлар, инсон орзумандлиги, ижобий фикрлаш, мотивация, меҳнаткашлик кабиларни ривожлантириб, бу муаммони инсонлар онгидан йироқлаштириш муҳим.
Бу фақат психологнинг муаммоси, уни психолог ҳал этади, деган “эртак”ларга ишонманг. Чунки суицид ва депрессия тиббий-психологик муаммодир. Фанда суицид психиатриянинг объектидир. Мияда ёки олий асаб тизимидаги бузилишлар ҳақида гап кетганда психология чегараси тугаб, тиббиёт ҳудуди бошланишини билиб қўйганимиз яхши. Депрессия ва тугалланмаган суицидларни психиатрлар тиббий таъсир, яъни дори-дармон ва бошқа терапия усуллари орқали даволайди. Кучли психотерапевтик усуллардан хабардор психологлар эса ёрдамчи даволашни амалга оширади. Бу – профессионал ёндашув.
Бу билан психологлар ишни ташлаб қўйиши керак, демоқчи эмасмиз. Муаммоли, деб билган ўқувчиларингизнинг ота-она ёки васийлари билан суҳбатлашиб, тегишли мутахассисларга учрашишини тавсия қилинг. Ҳаттоки, буқоқ, кўкрак қафасидаги оғриқ, ошқозон оғриғи каби хасталиклар ҳам суицидга туртки бериши мумкин. Суицид нафақат умумий психологик, балки тананинг тиббий саломатлигига ҳам бевосита боғлиқ. Статистик маълумотларга қараганда, бу ишга қўл урганларнинг ҳар 3 тадан 2 таси ўлимидан олдин сўнгги 3 ойда шифокор қабулида қандайдир касаллик сабаб шикоят билан бўлгани қайд этилган. Демак, биз масалани тиббиёт ходимлари билан яқин ҳамкорликда муҳокама қилсак самаралироқ бўлади..