ЎзА Ўзбек

20.04.2019 Чоп этиш версияси

“Сурпа” сўзнинг маъноси нима?

“Сурпа” сўзнинг маъноси нима?

Тўртта иншоотдан иборат бу маскан 76 хона ҳамда 2 тадан хонага эга 28 та виллага эга. У бир пайтнинг ўзида уч юз нафардан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатишга мослашган. Келган сайёҳларни ҳайратлантириш, уларга манзур бўлиш учун энг кичкина жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, фойдаланиладиган ичимлик суви хлорсиз, яъни тоғ булоқларининг суви бўлади.

Дунё стандартлари асосида плюс беш юлдузли меҳмонхона талаблари асосида барпо этилаётган мажмуада нафақат маданий дам олиш, балки нафас йўллари касалликлари билан хасталанган беморлар даволаниши учун ҳам шароитлар бор. 

Энг қизиғи, бу ерда фойдаланиладиган ҳар бир буюм табиатга мос бўлиши учун ёғоч ва тахтадан тайёрланмоқда. Фарзандлари билан келган оилалар учун ҳам барча шароитлар яратилган.

Бу қайси давлатда экан, деб қизиқиб қолдингизми? У испаниялик мутахассислар лойиҳалаштирган Ўзбекистондаги биринчи меҳмонхона ҳисобланади. 

photo_2019-04-20_19-04-08.jpg

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” МФЙ да барпо этилаётган “Турон ресорт СПА” меҳмонхонасининг биринчи босқичи шу йилнинг июнь ойида ишга туширилса, сентябрда эса тўлиқ фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда. 

Ҳадемай, тоғнинг баланд чўққиларига деярли етай деб қолганингизда, қаршингиздан маҳобатли, замонавий ва ўзгача дизайндаги бинога дуч келасиз. Гўзал табиат манзараси, тоғнинг салқин ва мусаффо ҳавосига ҳамоҳанг тарзда мажмуада таклиф этилаётган хизматлар маҳаллий ва хорижий сайёҳларга манзур бўлиши тайин.

– Меҳмонхонада хавфсизлик масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинган ва шаҳардан унча узоқ бўлмаган масофани танлангани ҳам фойдаланувчилар учун қулайликдир, – дейди мажмуа раҳбари Абдурасул Абдухалилов. – Тўлиқ ишга тушганимизда маҳаллий аҳоли учун 80 та янги иш ўрни яратилади.

Тошкент вилояти туризмни ривожлантириш департаменти маълумотларига кўра, 2020 йилга қадар вилоятда икки юзга яқин меҳмонхона қуриб, ишга туширилиши кутилмоқда. 

Улардан яна бири – Билдирсой ҳудудида ўзига хос дизайн асосида бунёд этилган “Тибет” санаторий-меҳмонхонасидир.

photo_2019-04-20_19-04-09.jpg

Агарда гап тоғнинг мусаффо ҳавоси ва ҳудуддаги доривор ўсимликлардан унумли фойдаланиш ҳақида борар экан, бу борада санаторий-меҳмонхонасининг ўрни алоҳида. Беш қаватли ушбу мажмуада айни пайтда жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 120 нафар киши дам олиб, ўз соғлиғини тиклаши учун барча шарт-шароит яратилган.

– Мажмуани қуриш, жиҳозлаш ва ҳудудини ободонлаштириш ишларига 45 миллиард сўм маблағ сарфланди, — дейди лойиҳа ташаббускори, “Radiks” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси директори Абдуғафур Каримов. – Унда асосан асаб, умуртқа чурраси ва бўғим касалликларига шифо бўлувчи махсус муолажа курслари олиб борилади. Шунингдек, бу ерда хориждан олиб келинган шифобахш балчиқдан ҳам кенг фойдаланилади. Бундан ташқари, халқ табобати асосида ҳудуддаги минерал тузларга бой булоқ сувлари, шифобахш гиёҳлар асосида ҳам махсус ванналар қабул қилиш мумкин.

Айни вақтда мазкур туманда бу каби дам олиш мажмуалари сони кўп. Улардан яна бири “Сурпа”. Бундай ғалати сўзнинг маъноси нима? Қандай маънони англатади, деган саволга мажмуа таъсисчиларидан бири шундай жавоб берди. 

– Бобом тилшунос бўлгани учун мажмуага номни узоқ маслаҳатлашувлардан кейин танлашга тўғри келган, – дейди Уйғун Камронов. – Бунда сўзнинг жаранги, қизиқлиги ва маъносига эътибор қаратилган. Шунда Жиззах томонларда ўтириб дам оладиган супа, яъни сўрини сурпа, дейилиши ҳисобга олиниб, мажмуага мана шу номни берганмиз.

photo_2019-04-20_19-04-11.jpg

7 381
Сайёра Шоева, ЎзА