Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 09:31 Чоп этиш версияси

Сурхондарёликлар Ўлжа Олғировнинг ўлжасига айланганди

Сурхондарёликлар Ўлжа Олғировнинг ўлжасига айланганди
Термиз туманидаги "Паттакесар" маҳалласида яшовчи Ўлжа Олғиров (исм-шарифлар ўзгартирилди) фирибгарликни ўзига касб қилиб олганди.

Ўлжа Олғиров Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида жойлашган омборидан арзон гаровга шакар ва ун маҳсулотларини олиб беришни ваъда қилиб, соддадил одамларни чув туширишни “касб” қилиб олган экан. Унинг бу “ҳунари” Қумқўрғон туманидаги "Тўғон" маҳалласида яшовчи Муродулло Тошматовнинг ички ишлар бўлимига мурожаати асосида фош бўлиб қолди. 

Ўттиз ёшни қоралаган Ўлжа Олғиров шу йил май ойида Муродулло Тошматовга юз доллар эвазига ҳарбий қисмда жойлашган омбордан шакар олиб беришни қуюқ ваъда қилиб, алдаб кетади. Июнь ойида деновлик якка тартибдаги тадбиркор Зилолбой Қўчқоровнинг ишончига кириб, унга мазкур омбордан Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотини юк машинасида олиб чиқиб бериш шарти билан нақд 24 миллион сўм пулини олиб, ғойиб бўлади. Шунингдек, Шўрчи тумани "Дўстлик" маҳалласида яшовчи 28 ёшдаги Асилбек Сориев ҳам Ўлжа Олғировнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, чув тушиб қолади. Июнь ойида фирибгар омборхонадан 400 килограмм шакар олиб бериш шарти билан Асилбекни 8 миллион сўм пулга “туширади”. 

Ангор туманидаги "Деҳқонбирлашув" маҳалласида яшовчи 66 ёшдаги нафақахўр Толиб Солаев 2014 йил "Таллошқон" маҳалласида яшовчи Низом Чориевга 18 квадрат-метр ер олиб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига ундан 20 миллион сўм пулни қуртдек санаб олади. Орадан тўрт йил ўтгач, Низом алданганини сезиб, ички ишлар идорасига мурожаат этади. Қаранг, қариб қуйилмаган бу кимсанинг яна бир жинояти очилиб қолди. Ўша йили тумандаги "Қўштегирмон" маҳалласида яшовчи Феруз Нодировнинг ишончига кириб, унга 12 квадрат-метр ер олиб бериш шарти билан 4 миллион 200 минг сўм пули ва 500 долларини алдов йўли билан ўзлаштириб кетган экан.

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА