ЎзА Ўзбек

27.06.2020 Чоп этиш версияси

Сурхондарёга 4 мингдан зиёд хорижлик ва 12 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳ келди

Сурхондарёга 4 мингдан зиёд хорижлик ва 12 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳ келди

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов иштирокида воҳада пандемиянинг туризм соҳасига салбий таъсирини юмшатиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Анжуманда сайёрамизга чанг солган коронавирус инфекцияси иқтисодиётнинг барча тармоқлари сингари туризмга ҳам жиддий таъсир ўтказаётган бир пайтда мамлакатимизда пандемия тарқалишининг олдини олиш ва соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар унинг оқибатларини юмшатишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан соҳа субъектларига қатор имтиёзлар берилди. Меҳмонхона йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилди. Шунингдек, бевосита пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб қувватлашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, туризмга ёндош ташкилотларга имтиёзлар қўлланилди. Жойлаштириш воситалари, туроператорлар ва турагентлар учун шу йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди. Бериладиган кредитлар бўйича ҳам имтиёзлар белгиланди.

Инқироз даврида мамлакатимизда соҳага кўрсатилаётган эътибор туризм тармоғига ёндош тадбиркорлик субъектларини молиявий қийинчиликлардан асрашга хизмат қилаётгани аҳамиятлидир.

Маълумотларга кўра, пандемия таъсирида вилоятга келадиган сайёҳлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0.47 бараварга камайиб, январь-июнь ойларида воҳага 4 минг 266 хорижий турист келди. Шу даврда 12 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ келиб, бу борадаги кўрсаткич ҳам сезиларли даражада пасайди. Бироқ, пандемия юртимизга кириб келган дастлабки кунлардан соҳага қаратилган эътибор янги хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўхтаб қолишининг олдини олишга кўмаклашди. Масалан, бешта янги меҳмонхона қурилиб, ишга туширилди. Воҳанинг Сариосиё, Бойсун, Денов каби туманларида ўнга яқин оилавий меҳмон уйи барпо этилди. Воҳанинг тоғли ҳудудларида эко ва агротуризм ишқибозлари учун енгил конструкцияли палатка ва ўтовлар ўрнатишга қизиқиш ошди.

Брифингда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда тарғиб қилиши учун гид ва туроператорларга ажратиладиган грантлар миқдори ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ҳамда коллежларга 2020 йил ўқишга қабул қилинган тингловчиларни истисно тариқасида давлат гранти асосида ўқитиш ва бошқа имтиёзлар тўғрисида фикр алмашилди. Вилоятда соҳани янада ривожлантириш, хорижлик ва маҳаллий туристлар учун замонавий қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги туристик йўналишлар, воҳада ташкил этилаётган «Олтин учбурчак» лойиҳасининг мазмун-моҳияти тўғрисида етарли маълумот берилди.

Тадбир якунида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан воҳанинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга кўмаклашаётган бир гуруҳ журналистларга ҳудудий бошқарманинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

23 434
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА