ЎзА Ўзбек

15.08.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда яна бир тиббий марказ

Сурхондарёда яна бир тиббий марказ Термизда республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиали иш бошлади.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт ходимлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил февраль ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, мавжуд тиббиёт муассасаларини жаҳон андозаларига мос жиҳозлаш, реконструкция қилиш ва Республика кўз микрохирургияси, ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт ҳамда перинатал марказларининг Термиз филиалларини ташкил этиш бўйича тегишли вазифалар берган эди.

Шунга мувофиқ, буйрак хасталиклари билан касалланиш юқори бўлган вилоятда Республика урология маркази филиалини ташкил этиш бўйича тегишли тадбирлар белгиланди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг уч қаватли биноси тубдан реконструкция қилинди. Бунинг учун 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

8.jpg

– Янги марказ ишга туширилиши буйрак касалликларига чалинган беморларнинг даволаниш учун узоқ йўл босиб пойтахтга боришига чек қўяди, – дейди филиал урология бўлими бошлиғи К.Саидолимов. – Бу ерда 40 ўринли урология ва 10 беморга мўлжалланган гемодиализ бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Бўлимда буйрак хасталикларини самарали даволаш ва жарроҳлик амалиётлари ўтказиш учун зарур шароит яратилиб, замонавий тарзда жиҳозланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг 20 ўринли урология бўлимида 320 дан ортиқ бемор даволанди. Уларнинг 140 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Марказ филиалининг фойдаланишга топширилгани буйрак касалликларига чалинган беморларни эрта аниқлаш ва унинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган янги шифо масканига 10 та гемодиализ, ТУР, литотриптер, рентген, УЗИ аппаратлари ўрнатиш мўлжалланмоқда. Яратилаётган бундай қулайликлардан вилоят аҳолиси мамнун.

– Пешоб тош касаллигидан азият чекаётганимга кўп йиллар бўлди, – дейди Қизириқ тумани Такия маҳалласида яшовчи З.Шукурова. – Тошкентга бориб даволаниб келишнинг ўзи бўлмайди. Бугун барча шароитга эга янги шифо масканида тиббий кўрикдан ўтдим. Жарроҳлик амалиёти ўтказишни таклиф қилишди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз, деб кўнглимни кўтаришди. Шифокорларнинг ширин сўзи, кенг ва озода хоналар, замонавий шароитларни кўриб, ўзимни анча тетик ҳис этиб қолдим. Биз, беморларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан беҳад миннатдормиз.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
4 590