Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.12.2018 21:16 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони 25 кишига берилди

Сурхондарёда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони 25 кишига берилди
Термизда Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 26 йиллиги арафасида бир гуруҳ фаол ва ташаббускор фуқароларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур нишон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаоллар тақдирланади. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда бошқаларга ўрнак бўлаётган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари сазовор бўлади. 

Сурхондарё вилоятида 717 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Жорий йилда илк марта топширилган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига воҳада маҳалла институти ишларига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган 25 фаол, ташаббускор фуқаро ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари муносиб топилди. Тақдирланганлар сафида Ангор туманидаги “Карвон” маҳалла фуқаролар йиғини посбони М.Абдураҳмонов ҳам бор. 

– Мамлакатимизда бундай кўкрак нишони таъсис этилгани қадимдан миллий қадриятлар, аҳиллик ва хайр-саховат маскани бўлган маҳаллага қаратилаётган юксак эътибор намунасидир, – дейди М.Абдураҳмонов. – Маҳалламизда 3 минг 800 дан ортиқ аҳоли аҳил-иноқ яшайди. Ташаббускор, фидойи фаолларимиз, профилактика инспектори билан барча ишларни бамаслаҳат олиб бораётганимиз, ёш авлод таълим-тарбиясига доимий эътибор туфайли кейинги 5 йилда ҳудудимизда бирорта жиноят қайд этилмади. 

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов иштирокчиларни байрам билан табриклаб, кўкрак нишонларни ўз соҳибларига тантанали топширди. Ватан, тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади. 

8.jpg


Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА